Қувайт, Мальдив ороллари, Мьянма ва БАА ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини олди
«ШҲТ номидан меморандумларни ташкилот Бош котиби Чжан Мин, мақом олган давлатлар номидан – Қувайт Давлатининг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жасем Иброҳим Ал-Нажим, Мальдив Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги Олий комиссари Иброҳим Шоҳиб, Мьянма Иттифоқи Республикасининг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Мо Чжо Аун, Бирлашган Араб Амирликларининг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдулнассер Жамол Ҳусайн Муҳаммад Аш-Шаали имзолади. Маросимда 2022 йилда Самарқанд шаҳрида (Ўзбекистон Республикаси) бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида қабул қилинган тегишли қарорни амалга ошириш бўйича ҳуқуқий тартиб-таомиллар якунланди.
Қайд этилганидек, меморандумга кўра, юқорида қайд этилган давлатлар ШҲТ доирасида минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, савдо ва сармоя, энергетика, IТ, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникациялар, маданият, фан ва технология, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилиш ниятида.
Мулоқот бўйича ҳамкор мақоми аъзо давлатларнинг таклифига биноан ШҲТ доирасидаги ихтисослаштирилган тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқини беради.