«Қулай мактаб»: Астанада 24 та мактабни лойиҳалаш бошланди

«Бугунги кунда пойтахтимизда 164 та мактаб мавжуд. Улардан 100 таси давлат, 57 таси хусусий ва 7 таси республика мактаблари. Якунланган ўқув йилида 236 минг бола таълим олди. Бу йил биринчи синфга 27 минг нафардан ортиқ бола қабул қилиниши кутилмоқда. Ўтган ўқув йилига нисбатан ўқувчилар сони 20278 нафарга кўпайди. Бунинг учун яна 10 та мактаб ва 1200 нафар ўқитувчи керак бўлади», - деди Нариман Еламанов Астанадаги Алоқа хизматлари майдонида ўтказилган матбуот анжуманида.
Унга кўра, жорий ўқув йилида 15 минг 700 ўринли 10 та мактаб фойдаланишга топширилади.
«Давлат раҳбарининг топшириғига кўра, «Қулай мактаб» миллий лойиҳаси доирасида 90 мингга яқин ўқувчига мўлжалланган (2 сменада) 24 та мактабни лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилди. Яқин икки йилда 100 минг ўқувчига мўлжалланган мактаблар қурилади. Умумтаълим мактабларида ўқувчилар сони ҳар йили ўртача 20 минг нафарга кўпаймоқда. Прогнозга кўра, 2027 йилда ўқувчилар сони 330 мингдан ортиқ болани ташкил қилади. Бу борада пойтахтда 3 минг 487 нафар педагог кадр зарур», - дейди у.
Муаллиф: Даулет Изтилеу