Қ.Тоқаев “Марказий Осиё – АҚШ” давлат раҳбарлари саммитида иштирок этди

Президент Қ. Тоқаев Нью-Йоркка амалий ташрифи доирасида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ давлат раҳбарлари саммитида иштирок этди, дея хабар беради Кazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

БМТ
Фото: очиқ манбалардан олинган

Учрашувда “C5+1” ҳамкорлиги орқали Марказий Осиёнинг иқтисодиёт, энергетика ва хавфсизлик соҳаларида суверенитети, барқарор ривожланиши ва фаровонлигини янада мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликда ишлаш масаласи муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев саммитда АҚШ Президенти Жозеф Байдендан сўнг нутқ сўзлади. Тадбирда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Учрашувда стратегик шериклик, сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий, сармоявий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, Евроосиё қитъасида тинчлик ва барқарорликни сақлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Саммитда иқтисодий ҳамкорлик масаласи, шунингдек, Америка компанияларининг муҳим минерал ресурслар, қайта тикланадиган энергия манбалари, қайта ишлаш саноати ва бошқа соҳаларни ўзлаштириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, муҳокама чоғида хавфсизлик муаммолари, жумладан, киберхавфсизлик, терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция ва наркотрафик каби таҳдидларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.

Қозоғистон Алмати шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича минтақавий марказини очишда АҚШ томонини қўллаб-қувватлашига ишонч билдирди.

 

Сўнгги хабарлар