ҚР Транспорт вазирлиги 22 та аэропортни инвесторлар бошқарувига беришни режалаштирмоқда
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон ўз ҳудудида қуруқликдаги транзит хаб яратиш мақсадида 22 та аэропортни инвесторлар ихтиёрига беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Бельгия пойтахти Брюссельда ўтказилган форумнинг очилиш маросимида ҚР Транспорт вазири Марат Қарабаев маълум қилди.

Марат Қарабаев Европа комиссияси вакилларига Қозоғистон ҳудудидан Европа ва Осиё ўртасидаги асосий ва барқарор транзит йўли сифатида фойдаланишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон яқин 5 йил ичида транспорт соҳасидаги асосий инфратузилма лойиҳаларига 40 миллиард евро сармоя киритмоқчи.
“Ушбу даврда Транскаспий халқаро транспорт йўналишига тегишли 4,7 минг километр транзит йўлакларини янгилаш ва йўлларни таъмирлаш режалаштирилган. Биз лойиҳаларни амалга ошириш учун Global Gateway ташаббуси доирасида маблағ йиғишни тавсия қиламиз ва Европа пудратчи ташкилотларини Қозоғистонда автомобиль йўллари қуриш бўйича йирик лойиҳада иштирок этишга таклиф қиламиз”, – деди вазир.
Вазирлик раҳбари умумий узунлиги 1300 километр бўлган янги автомобиль йўллари қурилиб, мавжуд инфратузилма янгиланишини таъкидлади.
Вазир фуқаро авиациясини ривожлантириш ва қуруқликдаги транзит хабни яратиш мақсадида 22 та маҳаллий аэропортни инвесторлар ихтиёрига ўтказиш режалаштирилаётганини айтди. Ақтау портида 171 гектар ҳудуд денгиз флотини мустаҳкамлаш ва контейнер хабини яратиш учун инвесторларга берилади. Шу билан бирга, Ақтау ва Қўриқ денгиз портларини «ship-or-pay» шартлари асосида трестга ўтказиш имконияти кўриб чиқилаётгани таъкидланди.
Марат Қарабаев нутқ сўнгида Европа ташкилот ва компанияларини июнь ойида Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган New Silkway форумида иштирок этишга таклиф қилди. Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасида транспорт соҳасида ҳамкорлик бўйича сармоявий форум ташкил этишни таклиф қилди.
Муаллиф: Есимжан Нақтибай