ҚР Ташқи ишлар вазири Исроил-ХАМАС можаросидаги Қозоғистон позициясини маълум қилди
Ғазо аҳолиси учун гуманитар йўлакларни очиш Қозоғистон дипломатиясининг биринчи устувор йўналиши ҳисобланади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртилеу маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

“Агар биз мамлакатларимиз ва халқларимиз барқарорлиги ва фаровонлигини таъминламоқчи бўлсак, ҳозирги геосиёсий нотинчлик ва иқтисодий муаммолар биздан ТДТ доирасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Шу боис мамлакатимиз Яқин Шарқда зўравонлик авж олишидан жуда хавотирда. Биз халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликка қўшиламиз ва Исроил ва ХАМАС ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз”, — деди М.Нуртилеу Туркий давлатлар ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида.
Вазирнинг сўзларига кўра, Ғазо аҳолиси учун гуманитар йўлак очиш Қозоғистон дипломатиясининг биринчи устувор йўналиши бўлиб, бу ҳеч қандай дастлабки шартларсиз амалга оширилиши керак.
“Можаро томонлари нафақат Яқин Шарқда, балки бутун дунёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун тинчлик музокараларига эътибор қаратиши, БМТнинг тегишли резолюцияларига мувофиқ “Икки халқ учун икки давлат” формуласини қўллаб-қувватлаши керак. Дарҳақиқат, ҳозирги вазият мисли кўрилмаган ва олдиндан ҳеч нарсани аниқ айтиб бўлмайди. Шунга қарамай, Қозоғистон БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқда белгиланган қадрият ва тамойилларга қатъий амал қилади ҳамда мувозанатли, кўп векторли ташқи сиёсат юритишда давом этади”, — деди Мурат Нуртилеу.
Эслатиб ўтамиз, Астана шаҳрида туркий давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашуви бошланди. Учрашув ёпиқ форматда ўтказилмоқда.
Бугун Қозоғистон пойтахтида Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) 10-юбилей саммити бўлиб ўтади.
Ушбу йиғилишда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон президентлари, шунингдек, ТДТдаги кузатувчи давлатлар - Венгрия ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади.
Саммит “Турк даври” шиори остидаги олий даражадаги муҳокамалар учун муҳим майдон бўлади.