ҚР Сув хўжалиги вазирлиги Оролдаги сув даражасини тушунтирди
ASTANA. Kazinform – Баҳорги сув тошқинлари даврида Қозоғистон сув ҳавзаларида 75 миллиард куб метр сув тўпланган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги расмий вакили Мўлдир Абдуалиева маълум қилди.
“Тошқин пайтида мамлакатимиз сув ҳавзаларида 75 миллиард куб метр сув тўпланиб қолган. Бу ўтган йилга нисбатан 15 миллиард куб метрга кўпдир. Тўпланган сувнинг 12 миллиарддан ортиғи сел сувларига тегишли. Айни пайтда Қозоғистоннинг шимолий, марказий, шарқий ва ғарбий вилоятларидаги сув ҳавзалари 80 фоизга тўлган”, – деди М. Абдуалиева Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Унга кўра, вегетация мавсумига тайёргарлик доирасида вазирлик ходимлари томонидан юздан ортиқ сув шохобчалари таъмирланиб, қайта тикланди, 700 километрдан ортиқ ариқлар тозаланди. Шунингдек, мамлакатимизнинг 11 вилоятида 98 та гидротехник иншоот таъмирланди.
“Сув дипломатияси ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида вазирлик Қозоғистоннинг жанубий вилоятларини зарур миқдорда сув билан таъминлади. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, жорий йилда суғориш мавсумида қўшни давлатлардан келаётган сув дастлаб келишилган миқдордан кўп бўлди. Бунинг шарофати билан Орол денгизига жўнатиладиган сув ҳажмини оширдик. Жорий йилда Шимолий Оролга икки миллиард куб метрга яқин сув юборилди, денгиздаги умумий сув ҳажми 22 миллиард куб метрга етди. Кейинги йилларда Шимолий оролда сув миқдори камайган бўлса-да, 2024 йил бошидан ўртача сув сатҳи яна кўтарила бошлади”, – деди расмий вакил.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирокида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг бўлажак йиғилишида Норин-Сирдарё сув омборлари каскадининг тахминий жадвали ишлаб чиқилади.
“Қозоғистон сув хўжалиги ва ирригация вазири ва Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Сирдарё бўйида автоматик сув ҳисоблагичлари ўрнатиладиган 10 та сув станциясини аниқлади. Бу трансчегаравий сув ресурсларини тўғри тақсимлаш имконини беради. Бундан ташқари, Қозоғистон ва Хитой икки давлат ўртасида трансчегаравий сув ресурсларини тақсимлаш бўйича ҳукуматлараро келишув лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Ҳужжат икки давлат экспертларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилмоқда. Шартноманинг асосий мақсади Балқаш кўлининг нормал даражада сақланишини кафолатлайдиган сув таъминотини таъминлашдан иборат”, – деди Мўлдир Абдуалиева.