ҚР Сенати спикери ва ЕХҲТ раиси бўлажак референдумни муҳокама қилди

None
None
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати спикери Маулен Ашимбаев ЕХҲТнинг амалдаги раиси, Польша Республикаси Ташқи ишлар вазири Збигнев Рау билан учрашди. Бу ҳақда Kazinform Сенат матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Суҳбат чоғида Маулен Ашимбаев Қозоғистонда ижтимоий-сиёсий соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Сенат Спикери илгари сурилган ташаббуслар мамлакатнинг амалдаги сиёсий тизимини тубдан ўзгартириб, кенг кўламли конституциявий ислоҳотларни ўз ичига олишини таъкидлади.

Маулен Ашимбаев, шунингдек, Конституцияга киритиш учун таклиф этилаётган асосий ўзгартишлар ва референдум ўтказишнинг мамлакат тараққиётининг ҳозирги тарихий босқичидаги аҳамияти ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Сенат спикери Қозоғистон референдумни мамлакат қонунчилиги ва халқаро стандартларга мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказиш ниятида эканини таъкидлади.

Учрашувда бу йил Қозоғистоннинг ЕХҲТга аъзо бўлганига 30 йил тўлиши таъкидланди. Шу муносабат билан суҳбатдошлар конструктив ҳамкорликни, жумладан, Парламент мезони доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

«ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси бутун ЕХҲТ ҳудудида хавфсизлик ва ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳал этишга кўмаклашиш бўйича депутатларнинг биргаликдаги фаолияти учун катта имкониятларга эга. Қозоғистон парламентарийлари Ассамблея сессияларида доимий асосда иштирок этадилар. Қозоғистон Парламенти Сенати ЕХҲТ ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси билан фаол ва конструктив ҳамкорликни давом эттиришга тайёр», — деди Маулен Ашимбаев.

Суҳбатдошлар Қозоғистон ва Польша ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бир қатор долзарб масалаларига тўхталиб ўтдилар, шунингдек, келгусида мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар янада мустаҳкамланишига ишонч билдирдилар.

Сўнгги хабарлар
telegram