ҚР Сенати раиси ўринбосари Осиё хотин-қизлари форумида иштирок этди
ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Республикаси Сенати раиси ўринбосари Ольга Перепечина “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришда минтақавий ёндашув” мавзусидаги Осиё хотин-қизлари форумида иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Пекин Ҳаракатлар платформасини амалга ошириш, шунингдек, ҳозирги жаҳон иқтисодиётида аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Форумда сўзга чиққан ҚР Сенати раиси ўринбосари Ольга Перепечина Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг давлат сиёсатидаги асосий устувор йўналишлардан бири гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётдаги иштироки даражасини ошириш эканини таъкидлади.
“Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ҳар қандай давлат тараққиётидаги асосий масала ва барқарор келажакни яратиш гаровидир. Хотин-қизларнинг иқтисодий мавқеини юксалтириш барқарор иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва барча даражадаги жамият фаровонлигини ошириш учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Қозоғистон аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашни кучайтириш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Қозоғистонда ишлаётган кичик ва ўрта бизнес субъектларининг 47 фоизини аёллар бошқаради. Уларнинг салоҳиятини сифат жиҳатидан мустаҳкамлаш мақсадида Осиё тараққиёт банки ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш марказлари фаолияти йўлга қўйилди”, — деди Ольга Перепечина.
Сенат раиси ўринбосари, шунингдек, Пекин платформаси ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш орқали гендер камситишнинг барча шаклларига барҳам беришга қаратилган кучли механизмга айланганини таъкидлади. Мамлакатлар ўртасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ҳаракатларни мувофиқлаштириш гендер тенглиги кун тартибини янада ривожлантиришга муҳим ва узоқ муддатли ижобий ҳисса қўшиши мумкин.
Ольга Перепечина Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашди. Томонлар парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, саноат кооперацияси, транспорт соҳасида алоқаларни мустаҳкамлаш, инфратузилмавий ва савдо тўсиқларини бартараф этиш масалаларини муҳокама қилди.
У Қатар Шўро кенгаши раиси ўринбосари Ҳамда бинт Ҳассан Ал Сулайти билан ҳам учрашди. Учрашув иштирокчилари икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш бўйича минтақавий муаммоларни муҳокама қилдилар.