ҚР Сенати Раиси Мусулмон оқсоқоллари кенгаши Бош котиби билан учрашди

Сенат
Фото: Сенат

ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Республикаси Сенати Раиси Маулен Ашимбаев Мусулмон оқсоқоллари кенгаши Бош котиби Муҳаммад Абделсалам билан учрашди, деб маълум қилди ҚР Парламенти Сенати матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида глобал динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни янада ривожлантириш йўлидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Сенат Раиси Мусулмон оқсоқоллари кенгаши Бош котибига эҳтиром кўрсатиб, Ташкилот ўз фаолиятини бошлаган 10 йил давомида тинчлик, бирдамлик ва диний бағрикенглик ғояларини халқаро майдонда тараннум этишга катта ҳисса қўшганини таъкидлади.

Учрашувда Кенгашнинг мақсадлари Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари съезди тамойилларига мос келиши таъкидланди. Маулен Ашимбаев Астана шаҳрида Марказий Осиё мусулмонлари оқсоқоллари кенгаши ваколатхонаси очилиши унинг ёрқин ифодаси эканини таъкидлаб, ушбу тадбир Қозоғистон учун алоҳида аҳамиятга эга эканлигига эътибор қаратди.

Бундан ташқари, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари съезди Котибияти раиси Маулен Ашимбаев сўзга чиқиб, Съездни Ривожлантириш концепциясига асосан Котибият томонидан келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди. Мусулмон оқсоқоллари кенгаши билан алоқаларни янада мустаҳкамлашдан, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш ва долзарб муаммоларни бартараф этишда маънавий дипломатия салоҳиятини ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

“Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев халқаро хавфсизликнинг янги тизимини яратиш учун тинчликка чақирувчи янги глобал ҳаракат зарурлигини доимо таъкидлайди. Айни пайтда Мусулмон оқсоқоллари кенгаши барча динлар мулоқотини мустаҳкамлаш борасида фаол иш олиб бормоқда. Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари кенгаши ва съездининг глобал муаммоларни ҳал этишда диний етакчилар салоҳиятидан фойдаланиш борасидаги ҳамкорлигини олқишлаймиз. Биз биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли конфессиялараро ва цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишимизга ишонамиз”, — деди Сенат Раиси.

Ўз навбатида, Муҳаммад Абделсалам Қозоғистонда бағрикенглик ва тотувлик каби қадриятларни улуғлаш йўлида олиб борилаётган ишларни юксак баҳолади. Шунингдек, Кенгаш билан Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари съезди доирасидаги фаол ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдириб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади.

Сўнгги хабарлар