ҚР Президентига 2025 йилга мўлжалланган монетар регуляторлик режаси тақдим этилди

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Миллий банк раиси Тимур Сулейменовни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Президент Қасым-Жомарт Тоқаев Ұлттық банк төрағасы Тимур Сүлейменовті қабылдады
Фото: Ақорда

Давлат раҳбарига ўтган йили Миллий банк томонидан амалга оширилган пул-кредит сиёсати якунлари ҳамда 2025 йилга мўлжалланган монетар регуляторлик режаси тўғрисидаги ҳисобот тақдим этилди.

Президентга Қозоғистон иқтисодиёти ва молия тизимининг аҳволи, ишбилармонлик фаоллиги, инфляция омиллари, шунингдек, ўрта муддатли мақсадга мувофиқ нархларни барқарорлаштириш ва инфляция даражасини 5 фоизга етказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаевга 2024 йил охиригача инфляция Миллий банк башорат қилган чегаралар доирасида, яъни 8,6 фоизни ташкил этиши маълум қилинди. Тимур Сулейменовнинг сўзларига кўра, ташқи инфляция босими кучаймоқда ва ички инфляция рисклари ҳамон мавжуд.

Бундан ташқари, Давлат раҳбари Миллий жамғарма маблағлари, олтин-валюта захиралари, Ягона пенсия жамғармасининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тинглади. Хусусан, 2024 йилда Миллий жамғарма маблағларини бошқаришдан тушган даромад 7,5 фоизга ошиб, 4,5 миллиард долларни ташкил этди. Миллий банкнинг олтин-валюта захиралари эса 45,8 миллиард долларга етди ва 27,4 фоизга ошди. Пенсия активларини бошқаришдан олинган инвестицион даромад 3,4 триллион тенгени ташкил этди. Даромад индекси эса инфляциядан икки баравар ошиб, 17,8 фоизга етди.

Президентга валюта бозоридаги вазият таништирилиб, тенге барқарорлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар маълум қилинди.

Бундан ташқари, Тимур Сулейменов банк секторидаги вазият барқарорлиги, депозит базасининг нормал ўсишини давом эттириш, шунингдек, молиявий барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари ва макропруденциал сиёсат самарадорлигини ошириш режаси ҳақида гапирди.

Миллий банк раиси Президентга Миллий рақамли молиявий инфратузилмани ривожлантириш натижалари ва Фирибгарликка қарши курашиш маркази фаолияти билан таништирди.

Йиғилиш якунида Давлат раҳбари инфляцияни жиловлаш ва молия сектори барқарорлигини таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратди. Шу билан бирга, Қасим-Жомарт Тоқаев Миллий банк ва Ҳукумат макроиқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириши кераклигини таъкидлаб, Миллий банк фаолияти билан боғлиқ бир қатор аниқ топшириқларни берди.

Сўнгги хабарлар