ҚР Президенти Жетису вилояти ҳокими Бейбит Исабаевни қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаевга вилоятни ўтган 7 ойда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари тўғрисида ҳисобот берилди ва истиқболдаги режалар тақдим этилди, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.
Президентга маълум қилиндики, 2024 йилнинг январь-июль ойларида қисқа муддатли иқтисодий кўрсаткич 112,4 фоизни ташкил этди. Вилоятга 188,2 миллиард тенге сармоя киритилди, жумладан, хусусий инвестициялар 136,7 миллиард тенгени ташкил этди.
Бейбит Исабаевнинг таъкидлашича, вилоят иқтисодиёти аграр тармоққа асосланганини инобатга олиб, фойдаланилмаётган ерларни қайтариш ва муомалага киритиш, “Қишлоқ омонати” дастурини амалга ошириш, шакар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбарига вилоятда саноат ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва инвестициялар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, бир қатор истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Кербулақ туманидаги металлургия комбинати, “Хоргас – Шарқий дарвоза” махсус иқтисодий зонасида “Қозоғистон-Хитой халқаро саноат шаҳри” саноат парки, Жунгор дарвозаси ҳудудидаги 1 ГВт қувватга эга шамол электр станцияси каби йирик лойиҳалар шулар жумласидандир. Вилоятнинг транспорт-логистика ва транзит салоҳиятини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга уй-жой коммунал соҳаси ҳолати ҳақида сўзлаб берилди. Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, йил якунига қадар вилоятнинг газ билан таъминлаш даражаси 56,5 фоизга етказилади. 2028 йилга бориб Жетису вилояти кўк ёқилғи билан тўлиқ таъминланиши кутилмоқда. Кейинги 2 йилда вилоятда 86 та ижтимоий инфратузилма объекти қурилиб, таъмирланди.
Президентга уй-жой ва йўл қурилиши, туризмни ривожлантириш ҳақида маълумот берилди. Умуман олганда, Жетисунинг сайёҳлик маскани Алакўл, Балқаш кўллари, «Алтынемел», «Жоңғар Алатауы» миллий боғлари, «Жоңғар Алатауы» тоғ массивлари каби жойларнинг салоҳиятини оширмоқда. Экологик туризмни ривожлантириш мақсадида Бурханбулоқ шаршараси ва Жасилкўлга олиб борувчи йўл қурилиши режалаштирилган.
Йиғилиш якунида Давлат раҳбари вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ фаровонлигини юксалтириш борасидаги ишларни изчил давом эттириш бўйича топшириқлар берди.