ҚР Президенти: Венчур капитал бозорини ривожлантиришимиз керак

Венчур капитали
Фото: Kazinform

Венчур капитали бозорига халқаро иштирокчиларни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда «Digital Bridge 2023» халқаро технология форумида Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги.

“Инновациялар ва технологик тараққиётнинг энг муҳим омили сифатида венчур капитал бозорини ривожлантиришимиз керак. Қозоғистон стартапларга сармоя киритишни рағбатлантириш учун институционал ва қонунчилик базасини изчил такомиллаштирмоқда. Ўтган йили венчур битимларининг ўртача ҳажми икки баравар ошди. Бу - қувончли ҳолат. Шу муносабат билан мазкур соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини АҚШ, Сингапур ва Гонконгда қўлланилаётган илғор тажрибалар билан уйғунлаштириш зарур. Шу билан бирга, венчур капитал бозорига халқаро иштирокчиларни жалб қилиш жуда муҳим”, - деди Президент.

Давлат раҳбари сунъий интеллект жуда жадал ривожланаётганини таъкидлади.

“Бунинг шарофати билан инклюзив ва барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда. Бу соҳада глобал рақобат жуда юқори. Қозоғистон ҳам бу тенденциядан четда қолмаслиги керак. Бу замон талаби. Шунинг учун ҳам биз ҳозир илғор технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Ҳозирги вазифа мамлакатимиздаги IT-мутахассислар, экспертлар, олимларни бир жойга тўплаш, уларнинг саъй-ҳаракатларидан самарали фойдаланишдан иборат. Шунингдек, халқаро ҳамкорларнинг катта имкониятларидан мамлакатимиз манфаати йўлида фойдаланиш ҳам муҳим вазифа саналади”, - деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Сўнгги хабарлар