ҚР Президенти Ўзбекистон билан транзит-транспорт соҳасида ҳамкорликни кучайтиришни муҳим деб билади
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон-Ўзбекистон ҳамкорлиги барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон қардош Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади.
Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёев икки томонлама алоқаларни чуқурлаштиришга салмоқли ҳисса қўшаётганини таъкидлаб, Қозоғистон Ўзбекистоннинг келажакда минтақа халқлари фаровонлиги ва юксалишига йўналтирилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашувда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар икки давлат тараққиётига янги суръат бахш этадиган янги йўналишларни кўриб чиқиш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Давлат раҳбари транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади. Президент Қозоғистонда «Дарбаза – Мақтаарал» темир йўл линияси қурилиши бошланганини маълум қилди. Ушбу йўлни Ўзбекистон чегарасигача давом эттириш режалаштирилган. Ушбу темир йўл алоқаси икки давлат ўртасида юк ташиш ҳажмини ошириш имконини беради. Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистоннинг Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришдаги иштироки барча томонлар учун фойдали бўлади, деб ҳисоблайди.
Ўз навбатида Бахтиёр Саидов кўрсатилган шараф учун Давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президентининг эзгу тилакларини етказди.
Вазирнинг сўзларига кўра, икки давлат раҳбарлари Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича юксак мақсадни қўймоқда. Шу муносабат билан Бахтиёр Саидов эришилган келишувларни юқори савияда амалга ошириш бўйича қўшма иш режасини тақдим этди.
Бундан ташқари, учрашув чоғида Марказий Осиёда сув хўжалиги ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, келгусида режалаштирилган икки ва кўп томонлама учрашувлар ҳамда тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.