ҚР Президенти Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Президенти Астана шаҳрига расмий ташриф билан келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Давлат раҳбари туркман дипломатига ўз миннатдорчилигини билдириб, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида мустаҳкамланиб бораётган Қозоғистон-Туркманистон муносабатларининг бугунги ҳолатига ижобий баҳо берди.
“Биз Туркманистонни ишончли стратегик шерик ва тарихан қўшни давлат деб биламиз. Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, иқтисодиётнинг стратегик йўналишлари бўйича ҳам жадал ривожланди”, – деди Президент.
Фурсатдан фойдаланиб, Қасим-Жомарт Тоқаев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ кенгаши раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга энг эзгу тилакларини йўллади.

Рашид Мередов Қозоғистон Президентига анъанавий ҳурмат учун миннатдорлик билдириб, Ашхободнинг Астана билан давлатлараро муносабатларнинг барча йўналишларида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қатъий қарорини тасдиқлади.

Учрашувда савдо-иқтисодиёт, энергетика ва транспорт-логистика соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинди. Шунингдек, тилга олинган лойиҳаларни тўлиқ ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги таъкидланиб, бу қардош давлатлар ўртасидаги муносабатларга янгича тус бериши таъкидланди.
Йил сайин янги мазмун билан бойиб бораётган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Рашид Мередов минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар ҳамда олий даражадаги мулоқотларнинг истиқболдаги жадвалини кўриб чиқдилар.