ҚР Президенти Сербия Бош вазири билан учрашди

BELGRADE. Kazinform – Қасим-Жомарт Тоқаев Белградга расмий ташрифи доирасида Сербия Республикаси Бош вазири Милош Вучевич билан учрашди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Қасым-Жомарт Тоқаев
Фото: Ақорда

Суҳбат чоғида Давлат раҳбари Президент Александр Вучич билан мазмунли музокаралар ўтказганини таъкидлади.

“Биз Сербия билан мустаҳкам дўстлик ва ўзаро англашувга асосланган узоқ муддатли шериклик ва кўп томонлама муносабатларимизни юксак қадрлаймиз. Бугун космик, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги, мудофаа саноати, таълим, туризм соҳаларида қатор муҳим ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар имзоланди. Доимий сиёсий мулоқот ва турли даражадаги иқтисодий ҳамкорлик бизнинг олий манфаатларимиздир”, – деди Қозоғистон Президенти.

Тоқаев пен Сербия Премьер-министрі
Фото: Ақорда матбуот хизмати

Давлат раҳбари Қозоғистон ва Сербия ҳукуматларини эришилган келишувларни сифатли амалга ошириш учун ҳамкорлик қилишга чақирди. Жумладан, икки томонлама иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка янги суръат бахш этадиган йирик лойиҳаларни аниқлаштириш зарурлигини айтди.

Шу муносабат билан Қасим-Жомарт Тоқаев Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши ишидан катта умидлар билан қарашини билдирди.

Тоқаев
Фото: Ақорда матбуот хизмати

Давлат раҳбари Қозоғистон Ҳукумати мамлакатда сармоявий лойиҳаларни амалга ошираётган сербия ишбилармонларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.

Милош Вучевич Белград Қозоғистондаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни диққат билан ўрганаётганини, шунингдек, бир қатор истиқболли йўналишларда алоқаларни мустаҳкамлаш имкониятларини кўриб чиқаётганини таъкидлади.

Сербия бош вазири унинг мамлакати Қозоғистон билан товар айирбошлашни ошириш, савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва сармоявий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш ниятида эканлигини тасдиқлади.

Милош Вучевич “яшил” технология, энергия манбаларини алмаштириш билан боғлиқ масалаларга тўхталиб, бу борада тажриба алмашишни таклиф қилди. Бундан ташқари, ҳар икки давлат бир-бирининг маданий кунларини ташкил этиш, бизнес-форумларни мунтазам равишда ўтказишни таклиф қилди.

Бундан олдин Қозоғистон ва Сербия президентлари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказдилар.

Сўнгги хабарлар