ҚР Президенти Саудия Арабистони Подшоҳлиги Энергетика вазирини қабул қилди
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Саудия Арабистони Подшоҳлиги Энергетика вазири Абдулазиз бин Салмон Ол Саудни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.

Учрашувда Қозоғистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги энергетика ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон-Саудия муносабатлари мисли кўрилмаган даражага етганини таъкидлаб, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги келишувлар барча соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликка янги суръат бағишлаганини эслатди.
"Ташрифингизни икки давлат ўртасидаги дўстлик ва яқин алоқаларнинг ёрқин ифодаси деб биламиз. Ажойиб мамлакатингиз ташрифим давомида унутилмас таассурот қолдирди. Сафар аслида муваффақиятли бўлди. Биз кўплаб масалалар, айниқса, энергетика каби муҳим соҳада ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришдик. Икки томонлама муносабатларнинг келажаги порлоқ бўлишига ишончим комил. Ўзаро ҳамкорлигимиз стратегик хусусиятга эга. Фурсатдан фойдаланиб, ҳазратлари Муҳаммад бин Салмонга энг эзгу тилакларимни изҳор этаман”, – деди Давлат раҳбари.

Ўз навбатида Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд Қасим-Жомарт Тоқаевга кўрсатган ҳурмати учун миннатдорчилик билдирди.
“Биз Қозоғистон билан илдизи чуқур тарихий муносабатларни юксак қадрлаймиз. Қозоғистон мустақилликка эришганида Саудия Арабистони биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзди”, – деди вазир.

Бундан ташқари, йиғилишда иштирок этган Саудиянинг ACWA Power компанияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Абунайян Жетису вилоятида 1 ГВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича қўшма инвестиция лойиҳасининг истиқболлари, шунингдек, Қозоғистон билан "яшил" энергия соҳасида ўзаро ҳамкорлик режаси ҳақида гапирди.

Учрашув якунида Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳукумати ўртасида шамол электр стансияцини қуриш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш тўғрисида келишув имзоланди.