ҚР Президенти Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни қабул қилди
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Астана шаҳрига амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди.
Давлат раҳбари Россия ташқи сиёсат бошқармаси раҳбарига миннатдорлик билдириб, икки томонлама ҳамкорлик дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳида жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бунга олий даражадаги доимий сиёсий мулоқот, икки мамлакат ҳукуматлари ва парламентларининг уйғун фаолияти катта таъсир кўрсатмоқда.
Суҳбат чоғида Россия Президентининг Қозоғистонга режалаштирилган давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
“Бўлажак сафарга пухта тайёргарлик кўряпмиз. Бу давлатлараро муносабатларда муҳим воқеа бўлишига ишонамиз. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик намунали ва жадал ривожланмоқда. Бу ташриф стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига янги суръат бағишлайди”, – деди Президент.
Ўз навбатида Сергей Лавров Россия ва Қозоғистон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, бўлажак ташриф кун тартиби ҳукуматлар ва ташқи сиёсат идоралари ўртасида батафсил ишлаб чиқилаётганини айтди.
Россия Ташқи ишлар вазири Қасим-Жомарт Тоқаевга Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг 80 йиллиги муносабати билан Астанада илмий-амалий конференция ташкил этгани учун миннатдорчилик билдирди. Ушбу учрашув дипломатик доиралар ва оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Сергей Лавров минтақавий ва халқаро кун тартиби, шунингдек, кўп томонлама тузилмалар ва интеграция бирлашмалари доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашди.