ҚР Президенти номига Янги йил табриги телеграммалари келиб тушмоқда

Президент
Фото: akorda.kz

Янги йил байрами муносабати билан Президент номига хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларидан табриклар келмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Россия Президенти Владимир Путин Давлат раҳбарига мустаҳкам соғлик, Қозоғистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади. У 2023 йил Қозоғистон ва Россия муносабатлари учун жуда муваффақиятли йил бўлганига эътибор қаратди.

“Икки томонлама муносабатларни, шунингдек, ЕОИИ, КХШТ, МДҲ, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги шериклик муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга қаратилган фаол ва конструктив қўшма ишимиз давом этади, деб ўйлайман. Бу қардош халқларимиз манфаатларига жавоб беради”, – дейилади телеграммада.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаевга янги йилда ўта масъулиятли давлат хизматида улкан муваффақиятлар тилади ҳамда қардош Қозоғистон халқининг юксалиши ва фаровон бўлишини таъкидлади.

“Ишончим комилки, бизнинг конструктив ва дўстона мулоқотимиз, турли соҳаларда эришилган келишувлар, шунингдек, йирик лойиҳаларнинг тўлиқ амалга оширилиши ҳар томонлама муносабатларимизни мустаҳкамлашга, келажакда ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади”, – деб ёзади Ўзбекистон Президенти телеграммада.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ўз табригида умумий саъй-ҳаракатлар туфайли қозоқ-қирғиз иттифоқчилик алоқалари янада мустаҳкамланиб, қардош халқлар манфаатларига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Беларусь Президенти Александр Лукашенко Қасим-Жомарт Тоқаевга ташаббусларини муваффақиятли амалга оширишни, Қозоғистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.

“Ўтган йил халқаро кун тартибидаги муҳим воқеаларга бой бўлди. Бу ҳар қандай муаммони биргаликда енгиш мумкинлигини ҳам кўрсатди. Ишонаманки, Беларусь Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув анъаналари келажакда ҳам мустаҳкамланиб, мамлакатларимизнинг турли форматдаги ҳамкорлиги муваффақиятли бўлади”, – дейилади телеграммада.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ўз табригида Қозоғистон-Тожикистон стратегик шериклиги 2023 йилда муҳим янгиликлар билан ёдга олинишини, икки халқ ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб боришини таъкидлади.

Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, БАА Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаян, Эрон Президенти Эрон Иброҳим Раиси, Эстония президенти Алар Карис, Украина президенти Владимир Зеленский, БАА вице-президенти, Бош вазир ва Дубай ҳукмдори Муҳаммад бин Рашид Ал Мактум, Япония бош вазири Фумио Кисида, Норвегия Қироли Харальд V, Туркманистон Халқ Маслаҳати мажлиси раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, БАА вице-президенти, Президент маъмурияти раҳбари Мансур бин Заид Ол Наҳаян, Россия Бош вазири Михаил Мишустин, Хитой Халқ сиёсий маслаҳат кенгашининг Бутунхитой қўмитаси раиси Ван Хунин ва хорижий давлатларнинг собиқ раҳбарлари, йирик халқаро ташкилотлар, компаниялар, банклар, молия институтлари раҳбарлари, дипломатик миссиялар ва бошқа расмий шахслар табриклади.

Табриклар ҳали ҳам келаяпти.

Сўнгги хабарлар