ҚР Президенти Мудофаа вазирини қабул қилди

Учрашувда Президент – ​​Қозоғистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Қасим-Жомарт Тоқаевга мудофаа вазирлигининг жорий йилдаги фаолияти якунлари, ҳарбий тайёргарликка янгича ёндашувлар, ўқув базалари ва полигонлар ҳолати ҳақида маълум қилинди, дея хабар беради Кazinform.

ҚР Президенти Мудофаа вазирини қабул қилди
Фото: Ақорда

Шу билан бирга, давлат мудофаа буюртмасини бажариш, авиация техникасининг янги намуналари, жумладан, учувчисиз учиш аппаратлари комплекслари, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинларининг қурол-яроғлари, модернизация қилинган зирҳли техника ва алоқа воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Президентга фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш жараёни, ҳарбий хизматчиларнинг мавқеини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ва уларга ажратилаётган пул маблағлари ҳақида маълумот берилди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон тинчликпарвар контингентининг БМТ доирасида амалга оширилаётган миссияларда иштирок этиш салоҳиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Учрашув якунида Давлат раҳбари вазирга ички мудофаа корхоналари билан ҳамкорлик қилиш, ҳудудий мудофаа ва махсус операцияларга жалб этилган кучларни ривожлантириш, ҳарбий-ватанпарварлик ишларини кучайтириш бўйича қатор вазифаларни юклади.

Сўнгги хабарлар