ҚР Президенти Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантировни қабул қилди
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантировни қабул қилди, деб хабар беради Каzinform.
Давлат раҳбарига жорий йилнинг ўтган 10 ойида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг дастлабки якунлари тўғрисида маъруза қилинди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга 2023 йил охиригача ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5 фоизни ташкил этиши маълум қилинди. Биринчи ярим йилликда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 13,3 миллиард долларга етди. Йиллик инфляция 2 баробарга, яъни 10,8 фоизга (февралда 21,3 фоиз) камайди.
Алибек Қуантиров кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 36,4 фоизга етганини маълум қилди. Бу рекорд кўрсаткич. Кичик ва ўрта бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 28 триллион тенгедан ошди. Бу соҳада 4,3 миллион киши банд. Жорий йилда 9 мингта лойиҳа субсидияланган. Кредитларнинг умумий ҳажми 669 млрд.
Давлат раҳбарига тадбиркорлик фаолиятини текширишлар сонини 2 баробарга қисқартириш мақсадида тадбиркорлик соҳасида янги тартибга солиш сиёсати жорий этилиши ҳақида маълум қилинди. Мажбурий талаблар реестри яратилади, рискларни бошқариш тизими автоматлаштирилади.
Қасим-Жомарт Тоқаевга янги Бюджет ва Солиқ кодексларини ишлаб чиқиш, шунингдек, инвестиция сиёсати, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида сўзлаб берилди.
Бундан ташқари, Миллий иқтисодиёт вазири “Инвестиция учун тариф алмашинуви” дастури ижроси тўғрисида ахборот берди. Хусусан, жорий йилда 267 миллиард тенге сармоя жалб этиш, 5,8 минг километр тармоқни таъмирлаш, уй-жой коммунал хўжалиги ходимларининг иш ҳақини 50 фоизга ошириш, тармоқларнинг эскириш даражасини 3,2 фоизга камайтириш режалаштирилган.
Президентга Қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш концепцияси ижроси ҳақида маълумот берилди. “Овул – мамлакат бешиги” дастури ишга туширилгандан буён республика бюджетидан молиялаштириш ҳажми 7 баробар ошди. Жорий йилда 771 қишлоқда 1,8 мингта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев сифатли ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, ислоҳотларни самарали амалга ошириш борасидаги ишларни давом эттириш бўйича топшириқ берди.