ҚР Президенти МФАни ривожлантириш стратегияси ва иш режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Миллий фанлар академияси президенти Ақилбек Куришбаевни қабул қилди. Учрашувда мамлакат илм-фанини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ақорда.

Давлат раҳбари ўтган йили янги мақомга эга бўлган Миллий фанлар академияси мамлакат олимларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, илм-фан ва иқтисодиётга реал фойда келтирадиган инновацияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.
“Қасим-Жомарт Тоқаев Миллий фанлар академиясининг янги аъзоларини сайлаш жараёнини тезлаштириш, академия фаолиятига иқтидорли ёш олимлар ва янги мутахассисларни кенг жалб этиш зарурлигига эътибор қаратди”, – дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Ақилбек Куришбаев Президентга ўзи раҳбарлик қилаётган Қозоғистон миллий аграр тадқиқот университетида олиб борилаётган илмий изланишлар, агросаноат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган ишлар билан таништирди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, таълим муассасасига илмий-тадқиқот университети мақоми берилиши аграр соҳадаги илмий ишланмаларни реал ишлаб чиқаришга йўналтириш, илмий тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш имконини беради.
“Йиғилиш якунида Қасим-Жомарт Тоқаев янги вазифаларни ҳисобга олган ҳолда Миллий фанлар академиясининг ривожланиш стратегияси ва иш режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Қолаверса, Қозоғистон Фанлар академияси асосчиси Қаниш Сатбаев таваллудининг 125 йиллигига бағишланган тадбирларни юқори савияда ташкил этиш муҳимлигини айтди”, – дейилади хабарда.