ҚР Президенти МДҲ давлатлари раҳбарларига - минтақамизни йирик транспорт-логистика хабига айлантирамиз
Қасим-Жомарт Тоқаев МДҲ форматида юзага келаётган муаммоларни енгиб ўтишга қаратилган фаол ҳамкорликни давом эттиришга, муваффақиятли ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги йўналишларни излашга чақирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақордага таяниб.
“Яқин савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар бозорлари биз учун доимо устувор аҳамиятга эга. Ўтган йил якунларига кўра, Қозоғистон ташқи савдо айланмасининг чорак қисмидан ортиғи МДҲ давлатлари билан амалга оширилган. Бу ижобий динамика жорий йилда ҳам сақланиб қолди. Қозоғистоннинг товар айланмаси 7 ойда 4,4 фоизга ўсиб, 20,6 миллиард долларни ташкил қилди. Савдо муносабатларини янада мустаҳкамлаш учун мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишимиз керак”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев МДҲ Давлатлари раҳбарлари йиғилишида.
Давлат раҳбарининг фикрича, савдо тўсиқларини бартараф этиш, қулай тариф шартларини яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шу билан бирга, Президент Ҳамдўстлик маконида транспорт йўлакларини ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.
“Биз ноёб географик устунлигимиздан фойдаланишимиз ва жаҳон бозорларини бирлаштиришимиз керак. Шундай қилиб, биз минтақамизни йирик транспорт-логистика хабига айлантирамиз. Дунёда янги иқтисодий география шаклланиб, товар айланмалари ортиб бораётган ҳозирги шароитда бу йўналиш стратегик аҳамиятга эга бўлади. Бугунги кунда Европа ва Осиё ўртасидаги қуруқлик-транзит транспортининг 80 фоизи Қозоғистон орқали ўтади. Биз Транскаспий транспорт йўналишини, “Шимол-Жануб” йўлагини янада ривожлантириш, шунингдек, “Қозоғистон-Туркманистон-Эрон” темир йўли имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга катта аҳамият берамиз. Қозоғистон “Дўстлик – Мўйинти”, “Бахти – Аягоз”, “Дарбаза – Мақтаарал” темир йўл лойиҳаларини имкон қадар тезроқ амалга ошириш ниятида”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Россия Президенти Владимир Путин, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев ҳам йиғилишда сўзга чиқди.