ҚР Президенти: Германия билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш Қозоғистон ва Марказий Осиё давлатлари учун асосий устувор вазифадир
ASTANA. Kazinform – Саммитни очган ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Федерал канцлер Олаф Шольц ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларига учрашувдаги иштироки ва минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорлик билдирди. Президент ўтган йилнинг сентябрь ойида Берлинда бошланган олий даражадаги мулоқот барқарор ва ишончли бўлганини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
“Бу Марказий Осиё давлатлари ва Германиянинг минтақавий стратегик шерикликни ҳар томонлама ривожлантиришга қизиқиши ва истагидан далолат беради, деб ҳисоблайман. Учрашувимиз нафақат қўшма ишларни сарҳисоб қилиш, балки ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг янги йўналишларини белгилашдан иборат. Бугун биз савдо, сармоя, энергетика, экология, транспорт-логистика, таълим ва илм-фанга оид муҳим масалаларни муҳокама қиламиз. Ишончим комилки, конструктив фикр алмашувлар мамлакатларимиз учун манфаатли қарорлар қабул қилинишига хизмат қилади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугун “Марказий Осиё – Германия” форматидаги кўп томонлама ҳамкорлик тарихида янги босқич бошланади.
“Германиянинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий тараққиёти кўплаб давлатлар учун яхши ўрнакдир. Германия технологияси ва сармояси иқтисодиётнинг турли тармоқларига ижобий таъсир кўрсатади. Биз Германиянинг минтақамиздаги барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли шерикликни ривожлантириш истагини юксак қадрлаймиз. Германия социал-демократик партияси томонидан қабул қилинган “Марказий Осиё: алоқа ва имконият” йўналиш ҳужжати бунга далил бўла олади”, – деди Қозоғистон Президенти.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон “Марказий Осиё плюс” форматида “Муваффақиятли Марказий Осиё – муваффақиятли Қозоғистон” формуласига мувофиқ ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётганини таъкидлади. Шу боис, дунёнинг энг ривожланган давлати, Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиёти ҳисобланган Германия билан кенг кўламли ҳамкорликни йўлга қўйиш Қозоғистон ва Марказий Осиё давлатлари учун асосий устувор йўналиш ҳисобланади.