ҚР Президенти Қозоғистон-Сингапур бизнес-форумида нутқ сўзлади
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон-Сингапур бизнес-форумининг ёпилиш маросимида иштирок этди.

Давлат раҳбари ўз нутқида Қозоғистон Сингапур услубида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошираётган, кўплаб имкониятлар тақдим этаётган, иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлат эканини таъкидлади.
“Мамлакатимизда эркин бозорни ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш ва билимга асосланган иқтисодиётга ўтишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бошланди. Ушбу ислоҳотлар энг юқори халқаро стандартларга, жумладан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) стандартларига жавоб беради. Мен яқинда миллий иқтисодиётни сезиларли даражада эркинлаштиришга замин яратувчи муҳим Фармонни имзоладим. Қозоғистон минтақадаги асосий сармоя маркази бўлиб қолиши учун биз янги инвестиция циклини бошладик. Бизнинг стратегик мақсадимиз – 2029 йилгача 150 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш. Биз инвесторларга давлат томонидан комплекс ёрдам кўрсатиш ва тезкор қарорлар қабул қилиш нақадар муҳимлигини жуда яхши тушунамиз. Шу мақсадда стратегик инвестиция лойиҳаларига раҳбарлик қилиш учун юқори малакали Инвестицион кенгаш туздик”, – деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Сингапур жуғрофий узоқликда бўлишига қарамай, сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан ишончли шериклар ва шундай бўлиб қолишини таъкидлади.
“Биз Жануби-Шарқий Осиёдаги етакчи ҳамкоримиз – Сингапур билан мустаҳкам алоқаларни юксак қадрлаймиз. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,8 миллиард долларни ташкил этди. Сингапурнинг Қозоғистонга киритган сармояси 1,7 миллиард доллардан ошди. Келгуси йилларда бу кўрсаткич икки баравар ошишига ишонамиз. Бу борада икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлиш жуда муҳим. Инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни ратификация қилдик. Бу ҳужжат сармояларни юқори даражада ҳимоя қилишни таъминлайди”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари ҳамкорликнинг бир қатор истиқболли йўналишларини белгилаб берди. Президент биринчи йўналиш сифатида шаҳарни ривожлантириш секторини кўрсатди. Шунингдек, у Қозоғистонда мутлақо янги ва яхлит мегаполис қуриш ташаббусини жуда муҳим лойиҳа деб билади.
“Ушбу лойиҳа келажакда “Марказий Осиёдаги Сингапур” ва етакчи халқаро бизнес хабга айланишни мақсад қилган. Бунинг учун ажратилган қарийб минг квадрат километр ҳудуд Махсус иқтисодий зона режимида ўзлаштирилади. Сингапурнинг Surbana Jurong компанияси ушбу лойиҳа учун кенг қамровли режа ишлаб чиққанини алоҳида таъкидламоқчиман. Форумдан кейин мен бу масалани барча манфаатдор томонлар билан муҳокама қиламан. Сингапур бизнеси ушбу истиқболли ташаббусда фаол иштирок этади, деб умид қиламан”, – деди Давлат раҳбари.