ҚР Президенти Қозоғистон-Франция бизнес форумида иштирок этди

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ва Франция Президенти Эммануэль Макрон Қозоғистон-Франция бизнес форумининг очилишида иштирок этди, деб хабар беради Каzinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.

ҚР Президенти Қозоғистон-Франция бизнес форумида иштирок этди
Фото: Ақорда матбуот хизмати

Давлат раҳбари жорий йилда Қозоғистонда иқтисодий ўсиш суръатлари 4,7 фоиз даражасига етганини, айниқса, нонефть саноатида сезиларли ютуқлар борлигини таъкидлади. Президентнинг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг стратегик мақсади 2029 йилгача миллий иқтисодиёт ҳажмини икки баробарга оширишдир.

Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат иқтисодиётига хорижий сармояларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Қозоғистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажмидан кўп.

Президент Қозоғистон ва Франция ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни самарали ривожлантиришга эътибор қаратди.

ҚР Президенти Қозоғистон-Франция бизнес форумида иштирок этди
Фото: Ақорда матбуот хизмати

“Мавжуд мураккаб геосиёсий вазиятга қарамай, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш 30 фоизга ошиб, 4 миллиард долларга етди. Бу ижобий тенденция жорий йилда ҳам давом этмоқда. Франция энг йирик халқаро инвесторлардан бири бўлиб, иқтисодиётимизга қарийб 19 миллиард доллар ўтказди. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида франциялик ҳамкорларимизнинг Қозоғистонга киритган тўғридан-тўғри сармояси 50 фоизга ошди. Бу ҳайратланарли ўсиш ва мамлакатимизга бўлган юксак ишонч белгисидир”, – деди ҚР Президенти.

Давлат раҳбари бугунги кунда мамлакатда икки юзга яқин Франция компанияси ишлаётганини айтди. Улар орасида энергетика соҳасида Total Energies, Orano, Air Liquide, саноат соҳасида Airbus, Saint-Gobain, темир йўл соҳасида Alstom, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида Lactalis ва Danone компаниялари бор.

Сўнгги хабарлар