ҚР Президенти Коррупцияга қарши кураш агентлиги раисини қабул қилди

ASTANА. Кazinform - Президент Агентлик раисининг мамлакатда коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳисоботини тинглади.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаевга маълум қилинишича, юқори мансабдор шахслар иштирокидаги жиноятларга чек қўйиш ишлари давом этмоқда.

Асхат Жумағалининг сўзларига кўра, 2022 йилдан буён агентлик давлат ва квазидавлат сектори субъектларига 1 триллион 90 миллиард тенге миқдоридаги мулкий активлар ва маблағларнинг қайтарилишини таъминлаган. Таълим инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 153,3 миллиард тенге ўтказилган. Бу маблағ эвазига 50 дан ортиқ мактаб очилди. Шунингдек, яна 30 та ўқув маркази қурилиши режалаштирилган.

Давлат раҳбарига аввалроқ берилган топшириқлар ижроси ҳақида сўзлаб берилди. Хусусан, Агентлик томонидан Миллий банк ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда “Рақамли тенге” платформаси орқали амалга оширилаётган “пулни бўяш” лойиҳаси йўлга қўйилди. Асхат Жумағали Президент Мурожаатида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, йўл қурилиши, қишлоқ хўжалиги соҳаларида коррупцияга барҳам берилаётганини таъкидлади.

Айни пайтда “Қулай мактаб” миллий лойиҳаси мониторинги олиб борилмоқда. Текширув давомида маблағларнинг самарасиз ишлатилишига ва объектларни топширишда кечикишларга олиб келадиган коррупция хатарлари таҳлил қилинади.

Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаевга ўқитувчиларнинг иш ҳақи фондидан миллиардлаб маблағнинг ўзлаштирилишига йўл қўйган коррупция омилларини бартараф этиш чоралари ҳақида сўзлаб берилди. Жорий йилда Агентлик ташаббуси билан бюджет жараёнларини автоматлаштириш, Ғазначиликни таълим муассасаларининг бухгалтерия ҳисоби тизимлари билан интеграциялаш, тўлов ҳужжатларини имзолашда биометрикадан фойдаланишга қаратилган рақамли ечимлар жорий этилди.

Президентга идоранинг халқаро алоқалар, кадрлар сиёсати, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш каби бошқа асосий йўналишлари бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашув якунида Давлат раҳбари мамлакатда коррупцияга қарши курашни кучайтириш бўйича қатор топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар
telegram