ҚР Президенти: Қайси давлатда яшамасин, қозоқнинг битта ватани бор, у – Қозоғистон
Астанада хориждаги қозоқларни бирлаштириб, долзарб масалаларни муҳокама қилишга қаратилган “Ватандошлар” форуми бошланди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Учрашув аввалида Қозоғистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Малик Отарбаев Давлат раҳбарининг форум иштирокчиларига йўллаган мактубини ўқиб эшиттирди.
“Азиз биродарлар, Сизларни “Ватандошлар” форумининг очилиши билан чин қалбимдан табриклайман. Бу учрашув халқимиз учун алоҳида маънога эга. Халқимиз ҳамиша миллий масалаларга биргаликда ечим топган. Шунинг учун ҳам, хориждаги қозоқлар билан ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни улуғлаш ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилиш жуда муҳим. Қайси давлатда яшашидан қатъи назар, қозоқларнинг фақат битта Ватани бор – Қозоғистон. Шунинг учун ҳам хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлашга доимо эътибор қаратамиз. Уларнинг тарихий ватанига кўчирилиши учун тўлиқ шароитлар яратилган. Қозоғистон фуқаролиги ва “ватандош” мартабасини олиш тартиби соддалаштирилди. Хориждаги қозоғистонлик тадбиркорлар учун “Ата йўли” картаси жорий этилди. Ватандошлар билан муносабатларни ривожлантиришга қаратилган бундай ишлар давом этади”, – деб ёзади ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мактубида.
Эслатиб ўтамиз, бугун Астанада “Ватандошлар” форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбир доирасида хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш учун этник-сиёсий бирлашмалар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, сармоявий муҳитни яхшилаш бўйича таклифлар муҳокама этилади.
Форумга хорижий мамлакатларда яшовчи таниқли қозоқлар йиғилди. Жумладан, буюк Абайни хитой тилига таржима қилган адиб Акбар Мажит, Ўзбекистон табиий ресурслар вазири маслаҳатчиси Расул Кўшербаев, Франциянинг Крей шаҳри мэрининг ўринбосари Есшим Саваш бор.