ҚР Президенти Ислом тараққиёт банки президенти билан учрашди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жасирни қабул қилди, деб хабар беради Ақорда.
Учрашувда аввал эришилган келишувларни амалга оширишга доир масалалар ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қўшма лойиҳалар, жумладан, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва “яшил” энергияга ўтиш бўйича чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Қасим-Жомарт Тоқаев бу ташаббуслар глобал экологик муаммолар ва Қозоғистоннинг барқарор ривожланишга интилиши контекстида катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Қозоғистон Президенти жорий йилнинг сентябрь ойида Астана шаҳрида бўлиб ўтган араб мувофиқлаштириш гуруҳининг давра суҳбати якунларини юқори баҳолади. Ушбу тадбир томонлар стратегик лойиҳаларни амалга оширишда кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдори эканини кўрсатди.
Давлат раҳбари “Иқлим ўзгаришига чидамли сув ресурсларини ривожлантириш” лойиҳаси бўйича молиявий-техник келишувнинг биринчи босқичи имзоланганини айтди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Қозоғистоннинг 7 та вилоятида умумий узунлиги 3450 км бўлган 8 та сув омбори ва 115 та канал, 1 та ҳисоблагич регуляторини қуриш ва таъмирлаш имконини беради. Бу мамлакат аграр тармоғидаги 332 минг гектардан ортиқ ерни узлуксиз сув билан таъминламоқда.
Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев Ислом тараққиёт банки раҳбариятига Қозоғистоннинг барқарор иқтисодий ривожланишига кўрсатаётган доимий қўллаб-қувватлаши учун миннатдорлик билдирди.
Музокаралар якунида имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Шартнома суммаси 1,153 миллиард долларни, шунингдек, грант сифатида 3,5 миллион долларни ташкил этади. Бу банкнинг 51 йиллик тарихидаги энг йирик молиялаштириш лойиҳасидир.