ҚР Президенти ИҲТТ Бош котиби Матиас Корман билан учрашди

ҚР Президенти ИҲТТ Бош котиби Матиас Корман билан учрашди
Фото: Ақорда

BEIJING. Кazinform - Давлат раҳбари Боао Осиё форуми доирасида Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) Бош котиби Матиас Корман билан учрашди.

Қозоғистон Президенти Бош котибга эҳтиром кўрсатди ва унинг Боао форумидаги иштироки ИҲТТ Осиёга алоҳида эътибор қаратаётганини исботлашини таъкидлади.

– Бу ҳудудни улкан иқтисодий ҳамжамият дейиш мумкин. Шунингдек, Қозоғистон бу маконда, ҳеч бўлмаганда, минтақавий миқёсда жуда муҳим рол ўйнайди. Форумдаги нутқимда ИҲТТ билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият беришимизни айтдим. Бизнинг вакилларимиз ИҲТТ қўмиталарининг йиғилишларида мунтазам равишда иштирок этадилар. Ташкилотнинг таклифларини инобатга олишга ҳаракат қиламиз. Маълумки, мен Қозоғистоннинг иқтисодий сиёсатини ИҲТТнинг юқори стандартларига мослаштиришни мақсад қилиб қўйганман, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбарининг айтишича, ИҲТТ билан ҳамкорлик ўрнатилганидан буён Қозоғистон бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолаган. Бундан ташқари, ИҲТТнинг бошқа мажбурий юридик институтларига қўшилиш давом этмоқда.

Матиас Корман ташкилот Осиё давлатлари, жумладан, Қозоғистон билан ҳар томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш тарафдори эканлигини тасдиқлади.

ҚР Президенти ИҲТТ Бош котиби Матиас Корман билан учрашди
Фото: Ақорда

 

– Ўйлайманки, Қозоғистон ва ИҲТТ ўртасидаги муносабатлар жуда яхши ривожланмоқда. Келгусида бу алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар мавжуд. Қозоғистон ўз сиёсатини ИҲТТ стандартлари ва илғор тажрибалари билан уйғунлаштириш ниятида эканлиги қувонарлидир. Биз ислоҳот дастурларингизга ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш учун қўлимиздан келганини қилишга тайёрмиз. Бугун олдимизда турган кўплаб муаммоларни ҳал қилиш учун глобал ҳамкорлик даражасини оширишдан манфаатдормиз, — деди ИҲТТ раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистонда ташкилотнинг минтақавий ваколатхонасини очиш ишларини давом эттириш муҳимлигини айтди. Шунингдек, у ИҲТТ вакилларини яқинлашиб келаётган Астана халқаро форумида иштирок этишга таклиф қилди.

Сўнгги хабарлар