ҚР Президенти ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари билан учрашди
ҚР Президенти Ички ишлар вазири Ержан Саденов, Бош прокурор Берик Асилов, Олий суд раиси Асламбек Мерғалиев, шунингдек, бошқа соҳа идоралари раҳбарлари билан учрашди ва маслаҳатлар ўтказди, дея хабар беради Kazinform Ақорда матбуот хизматига таяниб.
Давлат раҳбари қонун ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталди.
Қасим-Жомарт Тоқаев фикрича, Қонун ва Тартиб тамойили Қозоғистон жамиятининг мафкуравий ва сиёсий пойдеворига айланиши керак. Мавжуд вазият кўчадаги шафқатсизликдан тортиб, жанжал, ўғирлик, қотилликгача бўлган барча турдаги жиноятларга муросасиз қаршилик кўрсатишни талаб қилмоқда.
Президент бундай жанжалларга қарши бутун жамият бўлиб курашиш зарур, деб ҳисоблайди. Мамлакатда маиший зўравонлик, вандализм, оиладаги зўравонлик, бузғунчилик, қўполлик ва безорилик каби қонунбузарликларнинг ҳар қандай турига йўл қўйилмайди ва қатъий қораланади. Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка қатъий чек қўйиш керак.
Қасим-Жомарт Тоқаев Ички ишлар вазирлигига пойтахт ресторанларидан бирида содир этилган қотиллик билан боғлиқ шов-шувга сабаб бўлган воқеани алоҳида назоратга олишни топширди.
- Қонун ҳамма учун тенгдир. Фуқароларимиз қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик қилсагина жамиятда адолат қарор топади. Адолатли Қозоғистон Қонун ва Тартиб ҳукмрон бўлган давлатдир, - деди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбари Республика байрами арафасида ўтказилган йиғилишда сўзлаган нутқида адолатли Қозоғистонни барпо этиш учун ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш зарурлигини таъкидлаган эди.
“Қонунсизлик, тартибсизлик, маданиятсизлик мамлакатни вайрон қилади. Бундай салбий тенденцияга бутун жамият қарши туришимиз керак. Интизомли жамият маданиятли бўлади. Бу қонунийликдир. Ҳар бир фуқаро мамлакат қонунларини ҳурмат қилса, фаровонлик, ҳамжиҳатлик, фаровон ҳаёт бўлади”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Учрашув ва маслаҳатлашувларда Президент жамиятда адолат ва тартибни қарор топтиришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юклашини таъкидлади.