ҚР Президенти HMS Bergbau AG компанияси бошқаруви раиси Деннис Швиндни қабул қилди

Қабул
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаев HMS Bergbau AG компанияси бошқаруви раиси Деннис Швиндни қабул қилди, деб хабар беради Kazinform.

Учрашувда Давлат раҳбари Қозоғистон хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаб, лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратаётганини таъкидлади.

Президент дунёнинг ривожланган мамлакатлари иқтисодиётининг литийга бўлган талаби ортиб бораётганига эътибор қаратиб, нодир металларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари Қозоғистон тоғ-кон саноати учун қулай тартибга солувчи экотизим яратиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга оширишини айтди.

HMS Bergbau AG раҳбари Шарқий Қозоғистон вилоятида литий ишлаб чиқариш ва рудани қайта ишлаш заводи қурилиши лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, режалаштирилган сармоянинг умумий ҳажми 500 миллион долларни ташкил этади.

Қасим-Жомарт Тоқаев бундай инвестиция лойиҳалари мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш, унинг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

HMS Bergbau AG Германиядаги қаттиқ минералларни қидириш ва қазиб олиш бўйича етакчи мустақил компаниялардан биридир. Ушбу компания АҚШ, Сингапур, Жанубий Африка Республикаси, Индонезия, Польша, БАА ва Ботсванада хом ашё ишлаб чиқаришни фаол олиб боради. Шунингдек, Хитой, Ҳиндистон, Кения, Малайзия, Покистон, Шри-Ланка, Бангладеш ва Вьетнамда вакилликлари мавжуд.

Сўнгги хабарлар
telegram