ҚР Президенти Франциянинг қатор бизнес вакилларини қабул қилди
Давлат раҳбари Қозоғистон-Франция бизнес форуми доирасида Франция ишбилармон тузилмалари раҳбарлари билан учрашди, дея хабар беради Каzinform агентлиги Ақордага таяниб.
Давлат раҳбари Lactalis Group компанияси бош директори Эммануэль Бене билан суҳбат чоғида мазкур корхона 20 йил аввал Қозоғистон бозорига кирган биринчи француз компанияларидан бири бўлганини таъкидлади. Бугунги кунда мамлакатда ушбу корхонага қарашли бир қанча завод ва сут-товар фермалари муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, озиқ-овқат хавфсизлигига оид глобал муаммолар туфайли агросаноат ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Шу муносабат билан Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашга сармоя киритишни рағбатлантирмоқда.
Эммануэль Бене Давлат раҳбарига қабул учун миннатдорлик билдириб, Lactalis Group компаниясининг ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Қозоғистонда янги ишлаб чиқариш қувватларини очиш режаси билан ўртоқлашди.
Давлат раҳбари Франциянинг Boehringer Ingelheim France компанияси президенти Кристиан Вайзенни қабул қилди.
Учрашувда Қасим-Жомарт Тоқаев маҳаллий QazBioPharm холдинги ва Франциянинг Boehringer Ingelheim компанияси ўртасида технологиялар трансфери бўйича эришилган келишув муҳимлигини таъкидлади.
Бу Қозоғистонда оқсил касаллигига қарши вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини бермоқда. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ветеринария ривожи алоҳида ўрин тутади.
Қозоғистон Президенти мамлакатда биотехнология кластерини яратиш ишлари жадал олиб борилаётганини, бу борадаги маҳаллий илмий экспертизани ривожлантириш мақсадида QazBioPharm миллий биофармацевтика холдинги ташкил этилганини маълум қилди.
Президент Semmaris компанияси бош директори Стефан Лаяни билан учрашди.
Стефан Лаяни Қасим-Жомарт Тоқаевга Алмати вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича йирик хаб яратиш бўйича қўшма лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақида маълумот берди.
Объект 2025 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ҳозирда Қозоғистонга киритилган сармояларнинг умумий ҳажми 150 миллион долларни ташкил этади.
Ўз навбатида, компания лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки босқичида технологиялар ва Франциянинг илғор тажрибасини ўтказади.