ҚР Президенти Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиевни қабул қилди
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев ҚР Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиевни қабул қилди, деб хабар беради Кazinform агентлиги Ақорда расмий сайтига таяниб.
Президентга энергетика соҳасини ривожлантиришнинг асосий масалалари, мамлакат ёқилғи-энергетика комплексининг ўтган 10 ойдаги кўрсаткичлари, шунингдек, нефть-газ ва энергетика соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан маълумот берилди.
Учрашувда Алмасадам Сатқалиев қайд этилган даврда Қозоғистонда нефть қазиб олиш ҳажми 74,8 миллион тонна, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 11,2 миллион тоннани ташкил этганини айтди. Бундан ташқари, 48,7 миллиард куб метр газ, 93,5 миллиард кВт/соат электр энергияси ва 15,35 минг тонна уран қазиб олинди.
Қасим-Жомарт Тоқаевга миллий электр тармоғини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, жорий йилнинг июнь ойида ишга туширилган электр энергиясини бозорда сотишнинг янги механизми ҳақида сўзлаб берилди.
Давлат раҳбарига қишки иситиш мавсумини нормал ўтказиш бўйича қўшимча назорат ўрнатилгани маълум қилинди. Жумладан, энергетика объектларини таъминлаш мақсадида 5,5 миллион тонна кўмир ва 100 минг тонна мазут захираси тайёрланди.
Бундан ташқари, Давлат раҳбарига агентликнинг республика ҳудудларига кейинги газ қувурларини ётқизиш режаси тақдим этилди.
Йиғилиш якунида Президент иссиқлик мавсумининг бориши ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар ижросини алоҳида назоратга олиш, шунингдек, ички бозорни ёқилғи ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берди.