ҚР Президенти: Энергетика соҳасига қўшимча туртки бериш учун тегишли сармоя киритамиз

ҚР Президенти: Энергетика соҳасига қўшимча туртки бериш учун тегишли сармоя киритамиз
Фото: akorda.kz

Ривожланиш ва хориждан инвестицияларни жалб қилиш Қозоғистоннинг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Euronews телеканалига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.

“Қозоғистон тараққиёти ва сармояларининг келажакдаги йўналиши қандай?”, – деб сўради телемухбир ҚР Президентидан.

Тоқаев Қозоғистон аҳоли жон бошига хорижий сармояни жалб қилиш бўйича Марказий Осиёда ва ҳатто ундан ташқарида ҳам биринчи ўринда эканлигини, халқаро институтлар Қозоғистоннинг халқаро рейтингини кўтарганини таъкидлади.

Президент энергетика соҳаси жуда муҳим эканлигини ва Қозоғистон айни пайтда ўта муҳим материалларни ишлаб чиқишга умид қилишини айтди.

“Шу нуқтаи назардан, биз Европа Иттифоқи билан келажакдаги ҳамкорлигимизга умид қиламиз. Биз ушбу нозик ва стратегик муҳим соҳада яхши шерик бўлишга тайёрмиз. Бу бизнинг устувор вазифаларимиздан биридир”, – дея таъкидлаган Қ.Тоқаев Қозоғистонга бу соҳада халқаро ҳамкорлик ва кўпроқ сармоя зарурлигини қўшимча қилди.

Давлат раҳбари Қозоғистон ва Европа Иттифоқи яхши ҳамкор бўлиб, ўта муҳим материаллар соҳасида катта муваффақиятларга эришишига ишонч билдирди.

Сўнгра Қозоғистон Республикаси Президенти энергетика бизнеси мамлакат иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири эканлигини таъкидлади.

“Қозоғистон энергия ресурсларига жуда бой ва бундай иқтисодий ривожланишдан воз кечишнинг ҳожати йўқ. Албатта, биз мамлакат энергетика саноатига қўшимча туртки бериш учун тегишли сармоя иритамиз”, – деди Тоқаев.

Шу билан бирга, Қозоғистон раҳбари мамлакатнинг 2060 йил охиригача тўлиқ углерод нейтраллигига эришиш бўйича улкан мақсади ҳақида эслатди.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг фикрича, бунинг учун қозоғистонликлар ўз фикрларини тубдан ўзгартириши керак.

“Мен тан оламан, бу бутун дунёда иқтисодий ривожланишнинг умумий тенденцияси ва Қозоғистон ҳам бундан мустасно эмас. Шу билан бирга, биз атроф-муҳитни муҳофаза қилишга катта аҳамият берамиз. Ҳа, Қозоғистон энергия баланси кўмирга боғлиқ бўлган давлат бўлиб қолмоқда. Аммо менимча, яқин келажакда вазият яхши томонга ўзгаради”, – деди у.

Сўнгги хабарлар
telegram