ҚР Президенти: Бизнинг вазифамиз - нефть-газ соҳасида юқори қўшимча қийматга эга кластерлар яратиш

Президент
Фото: akorda.kz

Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев пойтахтимизда бўлиб ўтаётган XV KazEnergy Евроосиё форуми иштирокчиларига табрик йўллади. Президент табригини Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев ўқиб эшиттирди, деб хабар беради Кazinform.

“Ҳозирги глобал энергетика муҳим иқлим ва геосиёсий муаммоларга дуч келмоқда. Бу энергия хавфсизлиги, барқарор энергия таъминоти занжирлари ва яшил технология муҳимлигини таъкидлайди. Қозоғистон экспорт йўналишлари, зарур транспорт-логистика инфратузилмасини жадал ривожлантириб, жаҳон бозорига ишончли энергия етказиб берувчи сифатида ўзини намоён қилди”, – дейилади Давлат раҳбари табригида.

Президент таъкидлаганидек, ёқилғи-энергетика мажмуи мамлакат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири ҳисобланади. Саноат йирик хорижий инвестициялар ва янги технологияларни жалб қилмоқда.

“Шу билан бирга, биз иқтисодиётни изчил диверсификация қилишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Бизнинг вазифамиз динамик лойиҳаларни, жумладан, нефть ва газни чуқур қайта ишлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали юқори қўшимча қийматга эга кластерларни яратишдан иборат. Мамлакатимизда тоза ва қайта тикланадиган энергия манбаларига инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилган ва 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш стратегияси қабул қилинган. 2030 йилгача қайта тикланадиган энергия манбаларининг мамлакат энергия балансидаги улуши камида 15 фоизни ташкил қилиши керак. Ишончим комилки, бугунги форум ва Қозоғистон энергетика ҳафталиги давомида иштирокчилар ўзаро фикр алмашадилар ва энергетика соҳасини янада ривожлантиришнинг янги йўлларини ишлаб чиқадилар”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Сўнгги хабарлар
telegram