ҚР Президенти “Байтерек” холдинги фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди
Давлат раҳбари “Байтерек” миллий бошқарув холдинги” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нурлан Байбазаровни қабул қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб.

Қасим-Жомарт Тоқаевга холдингнинг 2023 йил 9 ойлик фаолияти якунлари, жумладан, тадбиркорлик ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасидаги ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Президентга тақдим этилган маълумотларга кўра, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш ҳажми 511 миллиард тенгени ташкил этди, 18,1 мингта кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари қўллаб-қувватланди, жами 1 триллион тенгега яқин кредит маблағлари ажратилди. Қишлоқ хўжалигини молиявий қўллаб-қувватлаш 447 миллиард тенгени ташкил этди. Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича 811,2 минг кв.м. уй-жой, 47 мингга яқин оила янги уй-жой олди.
Давлат раҳбарига холдингни трансформация ва рақамлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Икки йил ичида "Байтерек" иқтисодиётнинг норесурс секторини қўллаб-қувватлаш ҳажмини икки баравар оширади. Инвестицияларни жалб қилиш ва тижорат банкларини ишлаб чиқариш саноати лойиҳаларини кредитлашда жалб этиш ишлари кучайтирилади.
Ички бозорни тўлдириш ва аграр тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида озиқ-овқат саноати лойиҳаларини молиялаштириш дастурлари йўлга қўйилади, тўлақонли экспорт кредити агентлиги ташкил этилади.
Президент топшириқлари ижроси доирасида холдингнинг уй-жой йўналиши моношаҳарлар, туман марказлари ва қишлоқлар аҳолисини уй-жой билан таъминлаш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда ўзгартирилади.
Нурлан Байбазаров холдинг шўба корхоналарининг барча хизматларини рақамли форматга ўтказиш режалаштирилаётганини айтди.
Учрашув якунлари бўйича Қасим-Жомарт Тоқаев иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича янги ёндашувларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади, шунингдек, “Байтерек” холдинги фаолиятини такомиллаштириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди.