ҚР Президенти БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди, деб хабар беради Ақорда.

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Qasr Al Shatie саройида Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди. Давлат раҳбари БАА Президентига кўрсатган шарафи ва меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдириб, “Абу-Даби барқарор тараққиёт ҳафталиги” муваффақиятли ўтишини тилади. Қасим-Жомарт Тоқаев 2023 йилда Абу-Даби ва Дубайда Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан ўтказилган учрашувларни мамнуният билан эслаб, музокаралар якунлари икки томонлама муносабатларга янги суръат бағишлаганини, ҳамкорликнинг янги йўналишларига йўл очганини таъкидлади.

“БАА араб дунёсидаги асосий ҳамкоримиз. Биз мамлакатларимиз манфаати йўлида икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларнинг барча йўналишларида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз. Дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган стратегик шериклигимизни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссангизни юксак қадрлайман. Жаноб Президент, мен сизни юртимда қучоқ очиб кутиб олишга тайёрман. Ишонаманки, Қозоғистонга ташрифингиз икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг янги даврининг бошланиши бўлади”, – деди Давлат раҳбари.
ҚР Президенти бугунги кунда БАА мамлакат иқтисодиётига сармоя киритган энг йирик хорижий инвесторлар ўнлигидан жой олганини таъкидлади.

“Ўтган йили БААдан киритилган тўғридан-тўғри сармоя миқдори икки баравар ошди. Абу-Дабидаги учрашувда биз ўз олдимизга товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз. Икки мамлакат ҳукуматлари савдонинг ижобий суръатларини яратиш учун аниқ иқтисодий кун тартибига эътибор қаратишлари керак. Стратегик инвестиция лойиҳаларини яратиш бўйича қўшма декларацияни амалга оширишни қўллаб-қувватлашингизга ишонамиз. Ушбу ҳужжат доирасида биз Амирлик компаниялари билан транспорт-логистика, энергетика, молия, туризм ва бошқа кўплаб соҳаларда фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу ҳамкорлик мамлакатларимизнинг юксалиши ва равнақига хизмат қилади”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён Қасим-Жомарт Тоқаевга “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида иштирок этиш учун келгани учун миннатдорчилик билдирди.

Шунингдек, у икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолаб, Қозоғистон билан сиёсий мулоқот ва иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда аввал эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. БАА Президенти Қозоғистон ва Амирликлар ўртасидаги муносабатлар 2025 йилда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилиб, икки давлат тараққиёти ва фаровонлигига ҳисса қўшишига ишонч билдирди. Унинг фикрича, Астананинг халқаро ва минтақавий хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишдаги долзарб муаммоларни ҳал этишдаги ҳиссаси катта.
Аввал хабар қилинганидек, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммити ишида иштирок этиш учун Бирлашган Араб Амирликларига амалий ташриф билан борди.