ҚР Президенти АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилди

None
ОСТОНА. Казинформ – Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда.

Давлат раҳбари америкалик дипломатга эътибор қаратиб, Қозоғистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён икки томонлама ва кўп томонлама форматда ўзаро манфаатли фаолият йўлга қўйилганини таъкидлади.

«Сизнинг ташрифингиз стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга янги туртки бериш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Хавфсизлик, энергетика, савдо ва сармоя каби муҳим стратегик соҳаларда жуда яхши ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларига эгамиз. Шунинг учун биз бу ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрмиз. Фурсатдан фойдаланиб, Америка Қўшма Штатларининг мустақиллигимиз, ҳудудий яхлитлигимиз ва суверенитетимиз учун доимо қўллаб-қувватлаб келаётгани учун ўз миннатдорчилигимни билдираман»

, - деди Президент.

Давлат раҳбари иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, АҚШ Қозоғистоннинг энг йирик инвестори бўлиб, 62 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритганини таъкидлади.

Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган учрашуви муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, Қўшма Штатларнинг C5+1 формат доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлади.

Ўз навбатида АҚШ Давлат котиби Қасим-Жомарт Тоқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирди ва АҚШ президентининг саломини етказди.

«30 йилдан ортиқ вақт давомида эришилган салмоқли муваффақиятларни икки томонлама миқёсда ривожлантириш, шериклик муносабатларимизни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Фақат кейинги йилларда бу борада муҳим ва янги ютуқларга эришдик. Бизнинг муносабатларимиз мустаҳкам, алоқаларимиз кучайиб бормоқда. Биз бу йўналишдан четга чиқмаймиз. Бундан ташқари, бугун Астанада Марказий Осиёдаги ҳамкорлар сафига қўшилганингиз учун сизга ва жамоангизга миннатдорчилик билдирамиз. Умид қиламанки, биз ҳамкасбларимиз – ташқи ишлар вазирлари билан биргаликда минтақани бирлаштиришга қаратилган мустаҳкам ва яқин муносабатларни ўрнатиш борасидаги ишларда иштирок этамиз, алоҳида масалаларга эътибор қаратамиз. Ўйлайманки, бу Марказий Осиё ва АҚШ халқлари учун фойдали бўлади. Биз энг юқори даражада ҳамкорлик қилиш ниятидамиз. Бу ерга келиб, ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашга ҳисса қўшганимдан жуда хурсандман»

, - деди Энтони Блинкен.

Бундан ташқари, америкалик дипломат Қозоғистондаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни юқори баҳолади.

Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев АҚШ Президенти Жо Байденга самимий салом йўллади.


Сўнгги хабарлар
telegram