ҚР Президенти АЭС қурилиши ҳақида: Биз жаҳон тараққиётидан ортда қолмаслигимиз керак
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Астанада бўлиб ўтган маслиҳат депутатларнинг II республика форумида атом электр станциясини қуриш бўйича умумхалқ референдуми бўйича ўз фикрларини билдирди.
“Бир неча кундан кейин бўлиб ўтадиган умумхалқ референдумида халқимиз Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш зарурми ёки йўқми, ҳал қилади. Овоз бериш натижаси қандай бўлишидан қатъи назар, бу муҳим воқеа. Бўлажак референдум Қозоғистонда сўнгги беш йил ичида амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришларнинг яна бир намунаси, “халқ овозига қулоқ солувчи давлат” тушунчасининг ёрқин ифодасидир. Мен АЭС қурилиши бўйича ўз позициямни аввал ҳам бир неча бор айтганман. Дунё тараққиёти билан ҳамнафас бўлиш учун рақобатда ўз афзалликларимиздан фойдаланишимиз керак. Фуқаролар ёқлаб овоз берса, бу Мустақил Қозоғистоннинг бутун тарихидаги энг йирик лойиҳага айланади”, – деди Қ.Тоқаев форумдаги нутқида.
Президент атом электр станциясини қуриш узоқ муддатли лойиҳа эканини таъкидлади.
“Бироқ бу ташаббус мамлакатимизнинг ўнлаб йиллар давомида барқарор ривожланишига хизмат қилади, энергетик мустақиллигимизни мустаҳкамлайди, иқтисодиёт, фан ва таълимнинг турли соҳалари ривожига янги суръат бағишлайди, шунингдек, муҳандислар гуруҳини шакллантиришга хизмат қилади. Бу замон талаби. Бинобарин, бундан ҳозирги ёшларимиз, келажак авлодларимиз баҳраманд бўлишади. Шу билан бирга, АЭС қурилишига кўмаклашаётган Халқ штабининг ишини алоҳида таъкидламоқчиман. Штабда сиёсий партиялар ва турли жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар, ишлаб чиқариш мутахассислари, ишбилармонлар иштирок этди. Бу фуқароларнинг бирлашиб, умумий мақсад йўлида иш бошлаши мумкинлигини кўрсатади. Ривожланишга интилиш халқимизнинг энг яхши фазилатларидан биридир. Шунинг учун биз қандай қийинчилик бўлишидан қатъи назар, дадил қадам ташлашимиз керак. Яна такрорлайман. Бўлажак референдум мустақиллик йилларида энг муҳим воқеа бўлиб, мамлакатни янада ривожлантиришга бевосита таъсир қилади”, – деди Давлат раҳбари.