ҚР Президенти Адлия вазирига Бош прокуратура билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича топшириқ берди

Қабул
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Адлия вазири Азамат Есқараевни қабул қилди, деб хабар беради Kazinform ХАА.

Президентга жорий йилнинг 9 ойида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар якунлари ва истиқболдаги режа ҳақида маълумот берилди.

Азамат Есқараев қабул қилинаётган қонунчилик чора-тадбирлари, хусусан, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни оптималлаштириш бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳалари, шунингдек, маъмурий адлия соҳасини такомиллаштириш ва кенгайтириш масалалари ҳақида маълумот берди.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, кўчмас мулк билан боғлиқ ҳуқуқлар, нотариат, адвокатлик хизматлари, ижро иши юритиш соҳасидаги янгиликлар ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирлари ҳақида сўз юритди.

Қасим-Жомарт Тоқаев Азамат Есқараевга “Ноқонуний йўл билан орттирилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида”ги қонунни амалга ошириш билан боғлиқ қўшимча ҳужжатларни тезкорлик билан қабул қилиш учун Бош прокуратура билан яқин ҳамкорликда ишлашни топширди.

Шу билан бирга, Президент қонунлар ва қонуности ҳужжатларини қабул қилишда тегишли давлат органлари билан ҳамжиҳатликда ишлаш, Конституция талабларига риоя этилишини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Сўнгги хабарлар