ҚР Маданият вазирлиги айрим спорт турлари учун ягона стандарт ишлаб чиқишни режалаштирмоқда

ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги айрим спорт турлари бўйича болаларнинг ёши ва физиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда стандарт ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
None

Бу ҳақда Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари Сарсен Қуранбекнинг ЖССТнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси миллий координатори Лаура Ўтемисова билан учрашувида маълум қилинди, дея хабар беради Kazinform.

Учрашувда болалар ва ўсмирлар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Аниқроғи, болаларнинг ҳаддан ташқари семириб кетиши ва ҳаракатсиз турмуш тарзи, тўғри овқатланиши, жароҳатлари, жисмоний фаоллиги ҳақида сўз юритилди.

Томонлар жисмоний тарбия ва спортни ёш авлод ўртасида тарғиб қилиш устувор вазифа бўлиши кераклигини, бироқ бу икки тушунчани бир-биридан фарқлаш ва спорт тайёргарлигининг миллий стандартини жорий этиш зарурлигини таъкидладилар.

«Болалар муайан бир ёшдан мактабга боради, шунинг учун биз баъзи спорт турлари бўйича болаларнинг физиологик-психологик хусусиятларини, уларнинг жисмоний фаолиятга тайёргарлигини ҳисобга оладиган ягона стандартни ўрнатишимиз керак. Агар бола айрим спорт турлари билан жуда эрта шуғуллана бошласа, бу унинг жисмоний ёки руҳий саломатлигига зарар етказиши мумкин. Айниқса, жанг санъати ҳақида гапирадиган бўлсак. Биз ЖССТ экспертлари билан биргаликда шундай стандартни ишлаб чиқмоқчимиз», — деди Маданият ва спорт вазири ўринбосари Сарсен Қуранбек.

Ўз навбатида, Лаура Ўтемисова Қозоғистон томонига жароҳат олиш хавфи юқори бўлган спорт турлари бўйича ёш чекловлари масаласида маслаҳат беришга тайёрлигини маълум қилди.

«Бизда жисмоний тарбия масалалари билан шуғулланувчи бўлим бор. Хусусан, Португалиядан бундай тадқиқот олиб борадиган мутахассислар мавжуд. Бундан ташқари, биз Қозоғистон учун бу борада бошқа мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилишга тайёрмиз», — деди ЖССТнинг Қозоғистондаги ваколатхонаси миллий координатори.

Сўнгги хабарлар