ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: 75 миллион долларлик гўшт экспорти бўйича келишув имзоланди

ASTANА. Kazinform - Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Давлат раҳбарининг экспорт ҳажмини ошириш бўйича топшириғи ҳамда ХХР ва Қозоғистон Республикаси ўртасида имзоланган ветеринария талаблари тўғрисидаги баённома доирасидаги ишларни давом эттирмоқда.

ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: 75 миллион долларлик гўшт экспорти бўйича келишув имзоланди
Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Хитойнинг CITIC Construction ва Beijing Capital Agro компаниялари раҳбарияти билан учрашди.

Учрашувда Қозоғистоннинг «Meat processing and Servis company», «Елімай Көкпекті», «Астана Агро Продукт» МЧЖ, Agro Silk Way,, “Жаке” КК, “Қозоғистон гўшт уюшмаси” компаниялари вакиллари ҳам иштирок этди.

ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: 75 миллион долларлик гўшт экспорти бўйича келишув имзоланди
Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

 

Вазир қишлоқ хўжалиги соҳасида Қозоғистон-Хитой ҳамкорлигининг муҳимлигини таъкидлади.

“Хитой қишлоқ хўжалиги соҳасидаги учта йирик савдо ҳамкоримиздан биридир. 2023 йилда Қозоғистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг товар айланмаси 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 67 фоизга кўпдир. ХХРга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми 2 баробар ошиб, 1 миллиард АҚШ долларига етди.

Хитойга экспортнинг асосий ҳажми ғалла ва мойли экинлар, турли ёғларга тўғри келади, бироқ чорвачилик маҳсулотлари ҳисобига экспорт ҳажмини ошириш учун катта имкониятлар мавжудлигини кўрмоқдамиз”, — деди вазир.

Айдарбек Сапаров Қозоғистонда экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва ривожлантириш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ем-хашак етиштириш учун барча шароит яратилганини таъкидлади.

Жорий йилда Президент топшириғига биноан экин майдонларини диверсификация қилиш ишлари янада кучайтирилиб, ем-хашак экинлари майдонлари 314 минг гектарга кўпайтирилди. Бу тенденция чорвачиликнинг барча турлари, жумладан, паррандачилик, сут ва гўшт чорвачилигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

“2024 йил февраль ойида ХХР Ҳукумати Қозоғистоннинг жануби-шарқий вилоятларидан гўшт маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича чекловларни олиб ташлади. Бу юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини жонлантириш имконини берди — июнь ойида мол гўштининг биринчи партияси ХХРга экспорт қилинди. Бугун 75 миллион АҚШ долларига тенг учта янги шартнома имзоланади.

ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида вазирлигимиз билан ХХР ўртасида йирик шохли молларни экспорт қилишда ветеринария талабларини мувофиқлаштириш тўғрисидаги баённома имзоланди.

Экспорт қилинадиган маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Агросаноат мажмуаси маҳсулотларининг яна 10 тури ишлаб чиқарилмоқда.

Биз қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш ва агросаноат мажмуаси соҳасида ҳамкорликка очиқмиз. Бундан ташқари, бу борада ижобий тажриба мавжуд: мойли экинларни қайта ишлаш, қуруқ сут ишлаб чиқариш корхоналари ишламоқда, буғдой ва маккажўхорини чуқур қайта ишлаш корхоналари, чорвачилик мажмуаси қурилиши режалаштирилган”, — дея қўшимча қилди вазир.

Ўз навбатида, Хитой компаниялари вакиллари Қозоғистон билан мол гўшти ва тирик ҳайвонларни харид қилиш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликка қизиқиш билдирди.

Масалан, Beijing Capital Agro компанияси 2030 йилгача чорвачилик соҳасига 600 миллион доллардан ортиқ сармоя киритмоқчи. Лойиҳа доирасида бўрдоқилаш майдонлари ташкил этилади, 600 дан ортиқ фермер хўжаликлари ва ишчи бўрдоқилаш пунктлари ишбилармонлик кооперациясига жалб этилади.

3500 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Учрашув якунлари бўйича «Meat processing and Servis company», Agro Silk Way,, “Астана Агро Продуcт” МЧЖлари ХХР компаниялари билан гўшт экспорти ва чорва молларини етказиб бериш бўйича учта шартнома имзолади.

Сўнгги хабарлар