ҚР Ҳукуматида иқтисодиётда ўсишни таъминлаш бўйича фавқулодда штаб йиғилиши бўлиб ўтди

ASTANА. Кazinform – ҚР Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров раислигида иқтисодиётда ўсишни таъминлаш бўйича тезкор штаб йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ҳукумат матбуот хизмати хабар берди.

Нурлан Байбазаров
Фото: primeminister.kz

Ўтган йилга нисбатан ахборот ва алоқа (8,7 фоиз), қурилиш (8,6 фоиз), транспорт (7,3 фоиз) соҳасида барқарор ўсишга эришилди.

Жорий йилнинг беш ойи якунлари билан солиштирганда қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва савдо соҳаларида ўсиш суръатлари яхшиланганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бирга, ОПEК+ мажбуриятлари доирасида нефть қазиб олишнинг қисқариши ва сув тошқинлари давридан кейин амалга оширилаётган қайта тиклаш ишлари туфайли қатор соҳаларда маълум ортда қолиш кузатилмоқда.

“4 ойлик пасайишдан сўнг июнь ойи якунлари сармояларни жалб қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш чора-тадбирлари, шунингдек, қурилиш, автомобиль йўллари ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кутилаётган фаол давр ҳисобига иқтисодий ўсиш траекториясига асос бўлди”, - дея Нурлан Байбазаров бу йилги бизнес фаоллик индекси кетма-кет беш ой давомида ижобий зонада эканлигини таъкидлади.

Ишлаб чиқариш саноати мақсадли кўрсаткичлар доирасида (5,1 фоизга) ўсмоқда. Металлургия ишлаб чиқариш – 8,3 фоиз, машинасозлик – 9,4 фоиз, кимё саноати – 5,3 фоиз, мебель ишлаб чиқариш – 28,3 фоиз, фармацевтика маҳсулотлари – 14,8 фоиз ўсиш таъминланди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини такомиллаштириш натижасида ўсишга эришилди. Бугунги кунда мааҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тузилган шартномалар сони 2023 йилдаги 22,7 мингтага нисбатан 45,7 мингтага ошди.

Енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа соҳаларда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ишлари давом этмоқда.

Қурилишдаги ишлар ҳажми беш ойда 8,1 фоизга ошиб, 8,6 фоизни ташкил этди. Кўриб чиқилаётган даврда 7,4 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1 фоизга кўпдир. Амалдаги имтиёзли ва ижара дастурлари ҳамда янги уй-жой дастурлари («Отау», «Наурыз») доирасида 54,2 минг оила уй-жой шароитларини яхшилаши керак.

Инфляция муаммосига алоҳида эътибор қаратилди. 90 та турли чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида кўрсаткичлар 2023 йил июндаги 14,6 фоиздан ҳозирги 8,4 фоизга камайди. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича инфляция 5,4 фоизни, бошқа маҳсулотлар бўйича эса 7,4 фоизни ташкил этди. Умуман олганда, жорий йилда мақсадли коридор 6-8 фоизни ташкил этади. Импорт қилинадиган товарларни алмаштириш бўйича инвестиция лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда, нархларни назорат қилиш, монополияга қарши ва ташқи савдони тартибга солиш давом этмоқда.

Инвестициялар оқими мамлакат иқтисодиётининг ўсишига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу йўналишда ахборот-коммуникация, транспорт, таълим ва ишлаб чиқариш саноатида ижобий динамика кузатилмоқда. Олти ой давомида умумий қиймати 151 миллиард тенге бўлган 18 та лойиҳа ишга туширилди, шундан 122,7 миллиард тенге хорижий иштирокдаги улушдир. Инвестиция штабининг тизимли фаолияти доирасида умумий қиймати қарийб 30 миллиард долларлик 65 та инвестиция лойиҳаси бўйича муаммоли масалалар ҳал этилди, шунингдек, қонун ҳужжатларига 57 та ўзгартириш ишлаб чиқилди, шу жумладан, бугунги кунда 26 та буйруқ қабул қилинди.

Бундан ташқари, уй-жой коммунал хўжалигини модернизация қилиш, агросаноат комплексини ривожлантириш борасидаги ишлар суръатлари кўриб чиқилди.

Йиғилиш якунларига кўра, иқтисодиётнинг барча жабҳаларида ўсишни режалаштирилган кўрсаткичлардан паст бўлмаган даражада таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Иқтисодиётда ўсишни таъминлаш бўйича ҳудудий тезкор штаблар фаолият кўрсатмоқда. Уларга ҳар бир кўрсаткич бўйича масъул ҳоким ўринбосарлари бириктирилган.

Сўнгги хабарлар