ҚР Ҳукумати сув тошқинидан кейин бизнес йўқотишларни қоплаш учун 12 миллиард тенге ажратди

ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Ҳукумати йирик сув тошқинларидан кейин кичик ва ўрта бизнеснинг мулкий йўқотишларини қоплаш учун ўз захирасидан 12 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ҳудудий комиссиялар тадбиркорлардан аризаларни қабул қилмоқда, деб хабар беради Kazinform.

Үкімет үйі
Фото: primeminister.kz

Айни пайтда ҳудудий комиссиялар томонидан кичик ва ўрта бизнес субъектларининг умумий суммаси 1,5 млрд тенге бўлган 178 та мурожаати кўриб чиқилиб, маъқулланди. 

Ҳаммаси бўлиб, ҳокимликларнинг дастлабки баҳолашига кўра, 746 та кичик ва ўрта корхоналар зарар кўрган. Булар қаторига озиқ-овқат дўконлари, кафелар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмонхоналар ва бошқалар киради. Бугунги кунда баҳолаш ва смета ишлари олиб бориляпти, уларнинг натижаларига кўра ҳудудий комиссияларга кўриб чиқиш учун аризалар киритилади.

Шу тариқа, Ҳукумат заҳирасидан 12 миллиард тенгедан ортиқ маблағ кичик ва ўрта бизнес субъектларининг мулкий йўқотишларини қоплаш учун Ақмола, Ақтўбе, Атирау, Ғарбий Қозоғистон, Қостанай ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари бюджетларига ўтказилади.

Сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш ишлари Ҳукумат раҳбариятининг доимий назоратида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғарбий Қозоғистон ва Қостанай вилоятларидаги ҳаво электр тармоқларини тиклаш учун авария захирасидан ҳам 2,4 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ажратилган эди.

Сўнгги хабарлар