ҚР Ҳукумати ишбилармонларни ташвишга солаётган масалаларни муҳокама қилди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаров раислигида Ҳукуматнинг тадбиркорлик фаолиятининг долзарб масалаларига бағишланган навбатдаги кенгаши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ҳукумат расмий сайти.
Кенгашда “Атамекен” Миллий тадбиркорлар палатаси ва бизнес вакиллари сўзга чиқиб, электроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш, энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини оширишга оид масалаларга тўхталди.
Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларига қўйиладиган санитария-эпидемиология талабларини қайта кўриб чиқиш ва хусусий боғчалар жойлашган ер участкаларининг мақсадини ўзгартириш усуллари муҳокама қилинди.
Тадбиркорлар томонидан маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг қарорлари асосида илгари тузилган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер ижараси шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш муаммоси кўтарилди.
Бош вазир ўринбосари қайд этилган барча муаммоларни тинглаб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли давлат органларига тезкор чора-тадбирлар кўриш юзасидан аниқ топшириқ берди. У кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳимлигини таъкидлаб, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай шарт-шароит яратиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ниятида эканини таъкидлади.