ҚР Ҳукумати хорижий давлатлардан автотранспорт воситаларини олиб кириш ва улардан фойдаланишга қўйиладиган талабларни тасдиқлади
ҚР Бош вазир Алихан Смаилов хорижий давлатларда рўйхатдан ўтган автотранспорт воситаларини Қозоғистонга олиб кириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни тасдиқлади, деб хабар беради Kazinform.

Бош вазир томонидан имзоланган қарор primeminister.kz сайтида эълон қилинди.
Ҳужжатга тақдим этилган иловада:
-бошқа давлатнинг ваколатли органида рўйхатдан ўтган автомототранспорт воситаларини Қозоғистон Республикаси ҳудудига олиб кириш (олиб келиш) тартиби ва талаблари;
- бошқа давлатнинг ваколатли органида рўйхатга олинган автотранспорт воситаларидан Қозоғистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш қоидалари ва талаблари ёзилган.
Қарор расмий эълон қилинган биринчи кундан бошлаб ўн календарь кун ўтгач кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 23 январдан 1 июлга қадар Қозоғистонга 2022 йил 1 сентябргача ноқонуний олиб кирилган автотранспорт воситалари қонунийлаштирилди. Натижада 220 мингдан ортиқ автомобиль рўйхатга олинди.
2022 йил 1 сентябрдан кейин олиб кирилаётган автотранспорт воситалари эса қонуннинг барча талабларига мувофиқ чегирмаларсиз рўйхатдан ўтказилади.