ҚР Давлат маслаҳатчиси ички сиёсат соҳасидаги ишларни ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди

ҚР Давлат маслаҳатчиси ички сиёсат соҳасидаги ишларни ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди
Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform - Ақордада ҚР Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин раислигида Президент Администрациясининг масъул ходимлари, тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари, Ҳукумат аъзолари, вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари ва Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарлари ижтимоий ривожланиш бошқармалари раҳбарлари иштирокида ички сиёсат ва мафкуравий ишлар масалаларига бағишланган республика йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kazinform агентлиги Ақорда матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Йиғилишда Давлат раҳбари ташаббусларини самарали амалга ошириш, ички сиёсий ишларни ташкил этиш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар, ижодий уюшмалар, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамиятининг бошқа тузилмалари, ахборот ва ёшлар сиёсати ҳамда бошқа масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни таъминлашга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ерлан Қарин амалга оширилган Президент ислоҳотлари, жамиятда рўй бераётган ўзгаришлар мамлакатда мутлақо янги сиёсий воқеликни шакллантирганини таъкидлади. Аввало, у қараш ва позицияларнинг кенг плюрализмида ифодаланади. Шунга кўра, ички сиёсат соҳасидаги ишларни режалаштириш, мувофиқлаштириш ва ташкил этишда янгича ёндашувларни доимий излаш зарур.

Ерлан Қарин
Фото: Ақорда

 

Шу билан бирга, Давлат маслаҳатчиси жамоатчилик ва фуқаролар билан мулоқотни ривожлантириш орқали ички сиёсий барқарорликни таъминлаш, миллий бирдамликни мустаҳкамлаш ҳамиша асосий устувор вазифа бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади.

Йиғилиш якунлари бўйича Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин масъул давлат органларига Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган “Адолатли Қозоғистон” ғояси ва миллий қадриятлар асосида ички сиёсат соҳасидаги ишларни такомиллаштириш, жамоатчиликни бирлаштиришни кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар
telegram