ҚР Давлат маслаҳатчиси болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласига бағишланган йиғилиш ўтказди

ASTANА. Кazinform - Ақордада Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин раислигида болалар хавфсизлигини таъминлаш, ўсмирларга нисбатан жиноятларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар берди Ақорда матбуот хизмати.

Ерлан Қарин
Фото: Ақорда

Йиғилишда Таълим-маориф, Маданият ва ахборотлаштириш вазирлари, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Президент Администрациясининг таркибий бўлинмалари вакиллари, Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил иштирок этди.

Йиғилишда болалар хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш ва унга йўл бермаслик бўйича тизимли ва кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ерлан Қарин бу муаммолар давлатнинг диққат-эътиборида эканини таъкидлади. Давлат органлари зарур институционал ечимларни ишлаб чиқди, муаммоларнинг олдини олиш механизмлари ва алгоритмларини яратди.

Давлат маслаҳатчисининг таъкидлашича, болалар хавфсизлигини таъминлаш, уларни қонун талабларига зид бўлган ахборотлардан ҳимоя қилишга қаратилган ишларни тизимли олиб бориш муҳимдир. Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишда фуқаролик институтлари, ота-оналар ҳам иштирок этиши керак.

Йиғилиш якунида Ерлан Қарин масъул давлат органлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Бундан аввал Ерлан Қарин давлат органлари ички сиёсат йўналишида олиб борилаётган ишлар доирасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси бўйича алоҳида тадбирлар ташкил этишни бошлаганига эътибор қаратди.

Сўнгги хабарлар