ҚР Бош вазири йиғим-терим кампаниясини алоҳида назоратда ушлаб туриш бўйича топшириқ берди

Бектенов
Фото: Үкімет

ASTANA. Kazinform - Ҳукумат раҳбари Олжас Бектенов йиғим-терим кампаниясига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда қишлоқ хўжалиги вазири, экология ва табиий ресурслар, энергетика вазирлари ўринбосарлари, шунингдек, Ақмола, Қостанай, Шимолий Қозоғистон ва Жамбил вилоятлари ҳокимлари тингланди.

Давлат раҳбари топшириғига биноан, жорий йилги баҳорги экиш ва ҳосил йиғим-терим ишларига Ҳукумат томонидан рекорд миқдорда – 580 миллиард тенге ажратилди. Қишлоқ хўжалиги техникасини лизингга сотиб олиш суммаси 5 баробарга оширилди. Давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларининг кенгайтирилгани фермерларга экиш ишларини муваффақиятли ўтказиш имконини берди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистонда август ойининг учинчи ўн кунлигида оммавий йиғим-терим ишлари бошланади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги техникаларининг тайёрлиги 98 фоизни ташкил этади. Ҳаммаси бўлиб 149 мингдан ортиқ трактор, 38 минг дон ўриш комбайнлари, 14 мингта преслаш машинаси жалб этилади.

Ҳукумат раҳбари бош вазир ўринбосари Серик Жуманғарин бошчилигида тегишли вазирликлар, ҳокимликлар ва фермерлар ўртасида ўрим-йиғим кампаниясини ўтказиш бўйича тезкор штаб тузиш бўйича топшириқ берди.

үкімет
Фото: Үкімет

“Мамлакатимиз учун ҳосилни сифатли йиғиштириб олиш ва сақлаш алоҳида аҳамиятга эга. Кундалик юзага келадиган барча масалаларни ишлаб чиқиш керак. Бу нафақат вазирликларга, балки ҳокимликлар ва фермерларнинг ўзига ҳам тегишли. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда ҳосилни алоҳида назоратга олишни топшираман. Ғалла экинларини тўғри сақлаш шароитларини таъминлаш ҳам муҳим”, - деди Олжас Бектенов.

Кузги дала ишлари учун фермерларга 64 минг тоннадан ортиқ имтиёзли равишда дизель ёқилғиси жўнатилди. Тасдиқланган жадвалга кўра, ҳудудларга 355 минг тоннага яқин маҳсулот бозор нархидан паст нархда етказиб берилади. Дизель ёқилғиси билан таъминлашни назорат қилиш ва шаффофлигини таъминлаш чоралари кўрилди.

Олжас Бектенов масалани доимий назоратда ушлаб туриш, зарурат туғилса, ғалла қуритиш учун фермерларга қўшимча миқдорда дизель ёқилғиси ажратилишини таъкидлади.

Республикада ғалла омборининг умумий сиғими 30 миллион тоннани ташкил этади, бу эса тахминий ҳосилни сақлаш учун етарлидир. Бундан ташқари, алоҳида дон омборлари юки ҳамон юқори.

Үкімет
Фото: Үкімет

Бош вазир 10 сентябргача элеваторларни ўтган йилги ҳосил қолдиқларидан тозалаш бўйича топшириқ берди. Ҳудудлар ҳокимликлари Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги билан биргаликда элеваторлар хизматлари нархининг асоссиз оширилишига йўл қўймасликлари керак.

Ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, асосий экспорт бозорларида сотишни таъминлаш муҳимлиги қайд этилди. Савдо ва интеграция вазирлиги Хитой, Яқин Шарқ, Африка ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкорлари билан бу йўналишдаги ишларни фаоллаштириши керак.

Шуни таъкидлаш керакки, Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги экинларининг умумий майдони 23,3 миллион гектарни ташкил этади, шу жумладан донли экинлар майдони - 16,7 миллион гектар. Барча ҳудудларда экин майдонлари тузилишига кўра ҳосил йиғим-терим ишлари бошланди. Бугунги кунда 928,2 минг гектар ғалла ва дуккакли экинлар ёки 5,5 фоизи ўриб олинди. Ўртача ҳосилдорлик 19,3 ц/га бўлганида 1,8 миллион тонна ғалла ўриб олинди. Шунингдек, 418,2 минг тонна картошка, 940,3 минг тонна сабзавот йиғиб олинди.

Сўнгги хабарлар
telegram