ҚР Бош вазири ўринбосари Серик Жуманғарин “Дўстлик” ордени билан тақдирланди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Серик Жуманғарин Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахтиёр Ибрагимов билан учрашди. Бу ҳақда ҚР Ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
Ҳукумат маълумотларига кўра, томонлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини муҳокама қилиб, буғдой, шоли ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини чуқур қайта ишлаш бўйича қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этишга эътибор қаратдилар. Учрашув иштирокчилари мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг юқори даражаси ва фаол динамикаси, фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича бизнеснинг самарали ўзаро ҳамкорлигини мамнуният билан қайд этдилар.
Бахтиёр Ибрагимов Ўзбекистон раҳбари номидан Серик Жуманғаринга “Дўстлик” орденини топширди. Ҳукумат таъкидлаганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2024 йил август ойида бир неча қозоғистонликларни “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган ҳолда, уларнинг Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини қайд этган эди.